Мазори Шариф шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари қатор келишувларга эришди

Ноябрь 12, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 136
Мазори Шариф шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари қатор келишувларга эришди
Мазори Шариф шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари қатор келишувларга эришди
Мазори Шариф шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари қатор келишувларга эришди
Мазори Шариф шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари қатор келишувларга эришди

МАЗОРИ ШАРИФ, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси Ёрқин Маликов бошчилигида тадбиркорлардан иборат делегациянинг Афғонистонга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида Балх вилояти маркази Мазори Шариф шаҳрида бизнес форум ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида В2В форматида учрашувлар бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувларда тўқимачилик, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари каби қатор йўналишларда фаолият юритувчи Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонлари иштирок этди.

Делегация раҳбари юртимизда инвесторлар учун очиқ, замонавий ва қулай муҳит яратилгани, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, савдо ҳажмини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, паррандачилик, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Балх вилояти Савдо ва инвестициялар палатаси раиси Иброҳим Ғазанфар мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. У ўзбек тадбиркорларини Афғонистондаги қўшма инвестиция лойиҳаларига сармоя киритишга чақирди.

Бизнес форум доирасида Афғонистон ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилди.

В2В шаклидаги музокараларда тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ва мебель ишлаб чиқариш каби йўналишларда қатор келишувларга эришилди.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар делегацияси Балх вилояти бозорлари билан танишиб, ҳамкорлар билан тегишли савдо шартномаларини тузиш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш