Сергей Лебедев: Ўзбекистон МДҲ ривожининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди
Август 26, 2026. 08:10 • 7 дақ
• 133
МОСКВА, 26 август. /“Дунё” АА/. МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” ахборот агентлигига интервью берди.
– Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонламоқда. Мамлакат бу йўлни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)даги ҳамкорлари билан бирга босиб ўтди. Айтингчи, мамлакатимизнинг МДҲдаги ўрни қанчалик муҳим?
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги МДҲ ташкил топган давр билан бир пайтга тўғри келади. Бу, албатта, бежиз эмас. Ўзбекистон МДҲни шакллантириш жараёнида фаол иштирок этган. Мамлакат 1991 йил 21 декабрь куни Олмаота декларациясини имзолади, МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги битимга қўшилди ва унинг Низомини қабул қилди.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон ташқи сиёсат майдонида хорижий давлатлар билан кенг муносабатлар тизимини шакллантирди, минтақавий ва глобал жараёнлардаги таъсирини кенгайтирди ҳамда халқаро майдонда муносиб нуфузга эга бўлди. Шу билан бирга, республика МДҲдаги шериклари билан алоқаларга доимо устувор аҳамият қаратиб келди.
Сўнгги ўн йилликда мамлакат МДҲ доирасидаги муносабатларда фаол иштирок этмоқда. Агар 2016 йилда Ўзбекистон ҳамдўстлик доирасида ҳамкорликнинг 29 та асосий йўналишида иш олиб борган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 51 та соҳавий органларни қамраб олган. Умуман, Ўзбекистоннинг тегишли идоралари вакиллари Ҳамдўстлик эътибор қаратаётган 66 та йўналишнинг барчасида турли мақомларда фаолият юритмоқда.
Бугун Ўзбекистон бутун МДҲ ривожининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланди. Мамлакатингиз аҳоли сони бўйича МДҲда иккинчи, иқтисодиёт ҳажми бўйича эса учинчи ўринда туради. Ўзбекистон рекорд даражадаги иқтисодий ўсиш суръатларини намоён этмоқда.
Ўтган йили ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 8,5 фоизга ўсди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Ўзбекистон МДҲда Россиядан кейин иккинчи, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича эса учинчи ўринни эгаллайди.
Албатта, Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик иқтисодиётидаги ижобий ўсишга қўшаётган ҳиссаси салмоқли. Бу натижалар, аввало, мамлакат фуқароларининг меҳнати, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш, янги технология ва ускуналарни жорий этиш ҳисобига таъминланмоқда.
– МДҲга аъзо давлат сифатида Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасида самарали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш тарафдори. Интеграция жараёнларида, табиийки, иқтисодиёт марказий ўринни эгаллайди. Сизнингча, Ўзбекистон МДҲнинг иқтисодий интеграция жараёнларида қандай иштирок этмоқда?
– Ўзбекистон МДҲ доирасида ҳамкорликни ривожлантиришда энг фаол ва ташаббускор иштирокчилардан бири ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, келаси йил МДҲга Ўзбекистон раислик қилади. Бундан аввал, 2020 йилда ҳам республика МДҲда асосий ташкилотчилик вазифаларини муваффақиятли бажарган эди.
Ўзбекистоннинг биринчи раислиги даврида ташкилотнинг кейинги йиллардаги ривожланиш йўналишларини белгилаб берган муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Булар 2020 йил 18 декабрь куни қабул қилинган МДҲни янада ривожлантириш концепциясининг янги таҳрири ва уни амалга ошириш бўйича асосий чора-тадбирлар режаси, 2020 йил 29 май куни тасдиқланган 2030 йилгача бўлган давр учун МДҲнинг иқтисодий ривожланиш стратегиясидир.
Ўзбекистоннинг Ҳамдўстликдаги стратегик устувор йўналишлари сўнгги ўн йилликда ўзгармади. Бу, аввало, МДҲ иштирокчи давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли иқтисодий ва бошқа алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлашдан иборат.
Республиканинг МДҲдаги деярли барча давлатлар билан муносабатларини стратегик шериклик сифатида баҳолаш мумкин. Беларусь, Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан сўнгги йилларда имзоланган тегишли икки томонлама декларациялар ва ҳужжатлар ҳам буни тасдиқлайди.
Айнан Ўзбекистон бир неча йил аввал МДҲ иштирокчи давлатларининг саноат кооперациясини ривожлантириш концепцияси ва уни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Сўнгги 10 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 4 баробар ошиб, 20 миллиард доллардан 81 миллиард долларга етди. 2025 йил якунларига кўра, республика ташқи савдосининг учдан бир қисми МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келди. 2026 йилнинг биринчи ярмида эса бу кўрсаткич 37,8 фоизга етди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан экспорт операциялари ҳажми ҳам изчил ўсиб бормоқда. 2023 йилда бу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 4,1 фоизга, 2024 йилда 11,9 фоизга, 2025 йилда эса 19,4 фоизга ошди. Ҳамдўстлик давлатларида Ўзбекистон товар ва хизматларига талаб тобора ортиб бормоқда. Бу мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, иш ҳақини кўпайтириш ҳамда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш учун қулай шароит яратмоқда.
Ҳамдўстлик органларида Ўзбекистон иқтисодиёт тармоқлари, давлат бошқаруви ва ижтимоий хизматларни рақамлаштиришга оид қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда фаол иштирок этмоқда. Мамлакат вакиллари инновацион салоҳиятни биргаликда ошириш чораларини кўришга ҳам катта қизиқиш билдирмоқда.
Ўтган йили Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган давлат раҳбарлари саммитида Ўзбекистон Президенти мамлакат махсус иқтисодий зоналарини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, стартаплар ва инновацияларни илгари суриш учун МДҲ венчур платформасини ташкил этиш режаларини билдирди. Шунингдек, МДҲ энергетика секторини инновацион ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Жорий йил апрель ойида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси доирасида “МДҲнинг инновацион саноати: давлатлараро кооперациянинг янги модели” номли форум бўлиб ўтди.
Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари ўртасида иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги иштироки ҳақида гапирганда, унинг минтақалараро ва чегараолди ҳамкорликни фаоллаштиришга қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлаш керак. Айнан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2025 йилда Тошкентда МДҲ иштирокчи давлатларининг биринчи Ҳудудлар форуми ўтказилди. Унда Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудий ҳокимият идоралари ва бизнес ҳамжамиятлари вакиллари иштирок этди.
– МДҲга аъзо давлатлар миллий манфаатларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишга қаратилган ташқи сиёсат юритади. Бу борада Ўзбекистоннинг позицияси қандай ва мамлакатда амалга оширилаётган ишлар МДҲ фаолиятига қандай таъсир кўрсатмоқда?
– МДҲ иштирокчи давлатлари ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон етакчи ўринни эгаллайди. Шу билан бирга, сўнгги йилларда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган ўндан ортиқ махсус резолюция қабул қилинди. Шундай ҳужжатлардан бири 2026 йилда қабул қилинган “Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш” номли резолюция бўлди. Бундай қарорларни қабул қилишда МДҲ давлатларининг кўмаги муҳим аҳамиятга эга.
Бундай чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширмоқда. Шу боис мамлакатнинг халқаро майдондаги овози тобора кучлироқ эшитилмоқда.
Мамлакат тараққиёти ва фаровонлиги йўлида республика раҳбарияти минтақавий ташкилотлар ва интеграция бирлашмаларининг кенг имкониятларидан самарали фойдаланишга интилмоқда. Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомига эга, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг фаол аъзоси ҳисобланади ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан турли шаклларда ҳамкорликни ривожлантирмоқда.
– Ўзбекистонда очиқлик сиёсати амалга оширилмоқда. Бу хорижий ҳамкорлар билан шериклик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Айтингчи, республика томонидан бу йўналишда амалга оширилган қайси ишлар МДҲ фаолиятида эътиборга тушмоқда?
– Ўзбекистонда МДҲнинг умумий мақсадлари тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини кўриш қувонарли. Яъни, мамлакатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашга доимий эътибор қаратилмаса, ҳеч қандай иқтисодий ёки сиёсий фаолият ривожланмайди.
2024 йилда Самарқанд шаҳрида “Ҳамдўстликнинг маданий пойтахтлари” давлатлараро дастурининг амалга оширилиши МДҲ ҳаётидаги ёрқин воқеалардан бири бўлди. Ушбу йирик тадбирда Ҳамдўстлик давлатларининг ижодий жамоалари ва санъаткорлари иштирок этди. Кейинчалик МДҲ давлатлари маданияти, санъати ва киноси ҳафталиги, адабий-маърифий учрашувлар ва тақдимотлар, Ҳамдўстлик давлатлари кутубхоначилари конференцияси ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда бўлиб ўтган “МДҲ Ёшлар пойтахти” халқаро лойиҳаси кўпчиликда катта таассурот қолдирди. 2024 йилда Тошкент шаҳрининг МДҲ Ёшлар пойтахти сифатидаги мақоми Ҳамдўстлик мамлакатлари ёшларига сифатли таълим олиш, ҳордиқ чиқариш, спорт билан шуғулланиш, ижодий фаолликни намоён этиш, меҳнат қилиш ва фойдали машғулотлар билан банд бўлиш учун кенг имкониятлар яратди.
– Бугунги глобал беқарорлик ва низолар хавфи ортиб бораётган шароитда халқаро хавфсизликка таҳдидлар тобора реал тус олмоқда. Ўзбекистоннинг МДҲга аъзо мамлакатлар билан таҳдидларга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қандай баҳолайсиз?
– Ташқи таҳдидларга қарши курашиш бўйича Ҳамдўстлик давлатларининг тегишли идоралари ўртасида яқин муносабатлар ўрнатилган. Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Ўзбекистон томонидан билдирилаётган таклиф ва ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, 2026–2030 йилларга мўлжалланган МДҲ иштирокчи давлатларининг ташқи чегараларда хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик дастури жорий этилди. Ушбу дастур доирасида Ўзбекистон чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва амалий тажриба алмашиш бўйича қўшма тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
Жиноятчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳаларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада инсонпарварлик хусусиятига эга бўлган ҳужжатлардан бири айнан Ўзбекистон томонидан ташаббус кўрсатилиб, ишлаб чиқилди. Бу – радикал қарашлар ва усулларнинг тарқалишига олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, экстремистик фаолиятга жалб этилган шахсларнинг нормал ҳаётга қайтишини таъминлашга қаратилган 2025–2027 йилларга мўлжалланган МДҲ иштирокчи давлатларининг дерадикализация соҳасидаги ҳамкорлик дастуридир.
Умуман олганда, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги салмоқли натижалар ва келажакка ишонч уйғотадиган истиқболлар билан қадам қўймоқда. Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлик ушбу муваффақиятнинг муҳим таркибий қисмларидан бири эканидан мамнунмиз.
Ушбу қутлуғ юбилей арафасида Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаймиз. МДҲ томонидан ушбу эзгу тилакларнинг амалга ошиши учун барча имкониятлар яратилади ва бунинг учун астойдил ҳаракат қиламиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси