Стив Дэйнс: Ўзбекистондаги ислоҳотлар АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан савдо, сармоя ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда
Август 29, 2026. 10:30 • 4 дақ
• 206
ВАШИНГТОН, 29 август. /“Дунё” АА/. АҚШ Сенатидаги Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнс Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” ахборот агентлигига интервью берди.
– Жорий йил Янги Ўзбекистонда бошланган кенг кўламли ислоҳотларга 10 йил бўлди. Сиз ушбу даврдаги саъй-ҳаракатларни қандай баҳолайсиз ва мамлакатда юз берган қайси ўзгаришларни муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайсиз?
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг етакчилиги туфайли сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонда қатор муҳим соҳалар, хусусан, иқтисодиёт, халқаро ҳамкорлар билан муносабатлар ва аҳоли турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Бу ислоҳотлар Ўзбекистонни очиқ ва фаол давлат сифатида намоён этиб, АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан савдо, сармоя ва шериклик муносабатларини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратди.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашди. Бу борада қайси натижаларни муваффақиятли деб ҳисоблайсиз ва келгусида яна қандай қўшма лойиҳалар устувор бўлиши мумкин?
– Ўзбекистон стратегик жиҳатдан муҳим мамлакат саналади. Биз ҳам икки томонлама, ҳам “C5+1” шакли доирасидаги шерикликни ривожлантиришда салмоқли ютуқларга эришдик. Келгусида АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги эркин савдога тўсқинлик қилаётган Жексон-Вэник тузатишида кўзда тутилган эскирган савдо чекловларини бекор қилиш АҚШнинг асосий устувор вазифаларидан бири бўлиши лозим.
Ўзбекистон ўта муҳим минерал ресурсларга бой. Ушбу йўналишдаги шериклик ҳам тобора кенгаймоқда. Бундай иқтисодий алоқалар иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш, янги инвестицияларни жалб этиш ва тегишли таъминот занжирларини мустаҳкамлаш учун кўплаб имкониятлар яратади.
Президент Дональд Трамп томонидан илгари сурилган “Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп маршрути” (TRIPP) доирасидаги битимнинг муваффақиятли амалга оширилиши ўта муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Бу минтақаларда ўзаро боғлиқликни яхшилаш ва Ўзбекистон учун ишончли савдо маршрутларини яратишга хизмат қилади.
– Ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири очиқ ва ишончли халқаро ҳамкорликка йўналтирилган иқтисодиётни шакллантиришдан иборат. Сизнингча, бу йўналишдаги ўзаро алоқалар қай даражада ривожланмоқда?
– Бу борада жуда муваффақиятли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган “C5+1” саммити доирасида Америка–Ўзбекистон бизнес ва сармоя кенгашининг ташкил этилгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Президент Дональд Трамп, Президент Шавкат Мирзиёев, Кенгаш ҳамраислари Саида Мирзиёева ва Сержио Горнинг ушбу мақсадга эришишдаги етакчилиги учун миннатдорлик билдирамиз.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 1 миллиард доллардан ошди. Инвестиция ва ҳамкорлик алоқалари бундан кейин ҳам изчил ўсишда давом этишига ишончим комил.
– Бугунги кунда Ўзбекистон барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация, фан, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасидаги ташаббусларни фаол илгари сурмоқда. Яқин йилларда ушбу йўналишларда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд?
– Технологик ва рақамли тараққиёт даврида АҚШ ва Ўзбекистоннинг илғор технологиялар соҳасида етакчи мавқени сақлаб қолиш учун биргаликда ишлаши жуда муҳим. Сунъий интеллект, квант технологиялари, фотоника ва энергетикани ривожлантириш ана шундай устувор йўналишлар жумласидандир.
Илмий тадқиқотларни рағбатлантириш ҳамда малакали мутахассисларни тайёрлаш учун Америка компаниялари ва тадқиқот институтларининг Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган технология сектори билан алоқаларини йўлга қўйиш асосий вазифалардан бири бўлиши лозим. Бу, ўз навбатида, инновациялар ва юқори технологияли тармоқларни ривожлантиришга хизмат қилади.
– Сўнгги ўн йиллик ислоҳотлар даврида Ўзбекистон қатор халқаро ва минтақавий лойиҳалар ташаббускорига айланди. Сизнингча, амалга оширилган ташаббусларнинг қайси бири халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамиятга эга?
– Ўзбекистоннинг хорижий инвестициялар ва савдо учун очиқ бўлиши мамлакатнинг ўзи, Марказий Осиё минтақаси ва унинг иттифоқчилари учун катта самара беради. Ўзбекистоннинг эркин бозор тамойиллари ва табиий ресурсларни ўзлаштириш йўлидаги ислоҳотлари ўз халқи ва хорижлик шериклар учун кенг кўламли имкониятлар яратади.
– Халқаро экспертлар Янги Ўзбекистон ислоҳотлари тажрибасини минтақадаги кенг кўламли трансформациянинг энг яққол намуналаридан бири сифатида эътироф этмоқда. Нима деб ўйлайсиз, ушбу тажрибанинг қайси жиҳатлари бошқа давлатлар учун алоҳида қизиқиш уйғотади?
– Ўзбекистоннинг иқтисодий юксалиши, мамлакатнинг хорижий сармоялар учун очилиши ва халқаро савдони кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлари сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг энг муҳим жиҳатларидир.
Истиқболда савдо-сотиқни ва бозорларга чиқиш имкониятларини янада кенгайтириш мамлакатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини кучайтиради ва айни пайтда унинг АҚШ ҳамда халқаро ҳамжамият учун барқарор, мустақил ва аҳамияти тобора ортиб бораётган шерик сифатидаги ролини оширади.
– Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг 10 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз раҳбарияти ва халқига тилакларингиз?
– Сўнгги икки йил ичида Марказий Осиёдаги барча бешта давлатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам бўлдим. Ўзбек халқининг барқарор ва фаровон келажак қуриш йўлидаги интилишини ҳурмат қиламан.
Умумий қадриятларимиз ва манфаатларимизга асосланган ўзаро шериклик муносабатларимиз бундан кейин ҳам кенгайиб, янада ривожланишини истайман. Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва янги ютуқлар тилайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси