Токиодаги машҳур Шибуя чорраҳасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
Сентябрь 23, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 20ТОКИО, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси ташаббуси билан Токиодаги машҳур Шибуя чорраҳасидаги йирик реклама экранида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Лойиҳа Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Японияда ташкил этилган Мустақиллик ҳафталиги доирасида амалга оширилди. Видеолавҳалар 14 сентябрдан 20 сентябргача ҳар куни соат 07:00 дан 24:00 гача умумий майдони 424 квадрат метр бўлган экранда намойиш этилди.
Видеороликлар орқали япониялик йўловчиларга Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий ва замонавий шаҳарлари, мамлакатнинг сайёҳлик имкониятлари, сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари намойиш этилди.
Видеолавҳалар билан бир қаторда, ушбу давлатда истиқомат қилаётган ватандошлар ва Ўзбекистоннинг Япониядаги фахрий маданият элчиси Машу Комазаки иштирокида мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган флешмоб ташкил этилди.
Япония Ўзбекистон учун истиқболли сайёҳлик ҳамкорларидан биридир. 2025 йилда мамлакатга 32 мингга яқин япониялик сайёҳ ташриф буюрган. Жорий йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистонга 27 мингдан ортиқ Япония фуқароси келган, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 46,6 фоизга кўпдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


