Жильбер Ф.Унгбо: Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлайди

Август 14, 2026. 08:10 • 2 дақ

186
Жильбер Ф.Унгбо: Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлайди

ЖЕНЕВА, 14 август. /“Дунё” АА/. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Жильбер Ф.Унгбо мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади:

– Ўзбекистон халқини, шу жумладан, жаноб Президент Шавкат Мирзиёевни мамлакат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан самимий табриклайман.

Ушбу шонли сана ўзбек халқининг қатъияти, матонати ва ютуқларини эътироф этиш, тинчлик, фаровонлик ва ижтимоий адолатга асосланган келажакка ишонч билан назар ташлаш имконини беради. Зеро, ижтимоий адолатсиз мустаҳкам тинчлик бўлиши мумкин эмас. Бир асрдан ортиқ вақтдан буён Халқаро меҳнат ташкилоти амал қилиб келаётган эътиқод ва асосий вазифа ҳам айнан шундан иборатдир.

Жорий йил “Янги Ўзбекистон” концепцияси доирасида ислоҳотлар бошланганига ўн йил бўлмоқда. Ўзбекистон Президенти бошчилигида мамлакатда иқтисодиётни модернизация қилиш, инсон қадр-қимматини юксалтириш, фуқаролар фаровонлигини ошириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Халқ учун муносиб меҳнат тамойилларини илгари суришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар дастури бажарилмоқда.

Ўзбекистон фаол дипломатия, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда кўп томонлама тузилмалар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзоси сифатидаги иштироки орқали халқаро майдондаги ўз мавқеини мустаҳкамлади.

Шунингдек ўқинг

ХМТ Ўзбекистон билан ҳамкорликни юксак қадрлайди. Сўнгги йилларда муносабатларимиз изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга жалб этишга қарши курашиш йўлида самарали ишлар қилинди. Бандликка кўмаклашиш, меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва ижтимоий мулоқотни ривожлантиришда салмоқли ютуқларга эришилди.

Ҳар қандай ислоҳотлар иш берувчилар ва ходимларнинг мустақиллигини таъминлаш, самарали ижтимоий мулоқотни янада мустаҳкамлашни тақозо этади. Ҳамкорлик ва ишончли мулоқотнинг давом эттирилиши келгусида эзгу мақсадларга эришишга хизмат қилишига аминман.

Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги яқин муносабатлар тобора юксалмоқда. Ҳамкорлигимизнинг навбатдаги босқичини ривожлантиришга астойдил ҳаракат қилаяпмиз. ХМТ муносиб меҳнат шароитини жорий этиш учун ижтимоий адолатни мустаҳкамлашда Ўзбекистон раҳбарияти билан шерикликни давом эттиришдан манфаатдор.

Яна бир бор ушбу қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон халқига тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш