Logo

Ўзбекистонлик ҳамширалар Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизимида ишга жалб этилиши мумкин

Июль 24, 2025. 10:53 • 54 сония

64
Ўзбекистонлик ҳамширалар Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизимида ишга жалб этилиши мумкин

ЛОНДОН, 24 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Уэльснинг "CAVC English Academy" коллежи вакиллари Алун Реес, Тереза Бразертон ва Бэн Гарнер билан онлайн учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистондан Буюк Британияга қонуний ишчи кучини жалб қилиш, мигрантларнинг касбий таълим ва инглиз тили кўникмаларини эгаллашини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳамшираларига касбий инглиз тилини ўргатиш орқали уларни Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизимида ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Уэльс томони Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, вилоятлардаги тайёрлов курслари ва меҳнат мигрантларига яратилган қулайликлар ҳақидаги маълумотлар билан танишди.

Британия томони, ўз навбатида, Ўзбекистон билан касбий таълим йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйишдан мамнун эканлигини билдириб, мамлакатимиз ҳамшираларининг инглиз тили билиш даражасини оширишда амалий ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади.

"CAVC English Academy" Уэльсдаги энг йирик касбий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ўқув дастурлари турли соҳа вакиллари учун мўлжалланган. Муассаса 20 йилдан бери фаолият юритади ва ҳар йили 30 мингдан ортиқ ўқувчи учун юзлаб курсларни таклиф қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш