Logo

"Deutsche Handwerk Zeitung": Германия Ўзбекистондан малакали ишчиларни мамлакатдаги ҳунармандчилик корхоналарига жалб қилади

Август 13, 2025. 17:00 • 2 дақ

97
"Deutsche Handwerk Zeitung": Германия Ўзбекистондан малакали ишчиларни мамлакатдаги ҳунармандчилик корхоналарига жалб қилади

БЕРЛИН, 13 август. /"Дунё" АА/. Германиянинг нуфузли "Deutsche Handwerk Zeitung" электрон нашрида хориждан малакали мутахассисларни мақсадли жалб қилиш ва уларни интеграциялашувига қаратилган ҳукуматнинг пилот лойиҳаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Германия Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш федерал вазирлигининг "Fit for Climate" лойиҳаси Ўзбекистон ва Колумбиядан малакали ишчиларни мамлакатдаги ҳунармандчилик корхоналарига, хусусан, иқлим билан боғлиқ соҳалардаги касбларга жалб қилишга қаратилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистондан мутахассисларни жалб қилиш "Pool" усули, яъни номзодлар базасидан танлаш асосида амалга оширилади. "Дастлаб Ўзбекистонда касбий тайёргарликка эга ва немис тилини бошланғич даражада биладиган номзодлар саралаб олинади. Танлаб олинган малакали мутахассислар Германиядаги Гёте-Институтда 9 ойлик немис тили курсини (B1 даражагача) ва маданий мослашув бўйича тайёргарлик дастурини ўтайдилар. Кейинги босқичда талабгор корхоналар тайёр номзодларнинг резюмелари билан танишадилар ва уларни бевосита суҳбат асосида танлаб оладилар ҳамда иш билан таъминлайдилар", – дейилган мақолада.

Шунингдек, материалда лойиҳа ҳунармандчилик корхоналарига виза расмийлаштириш, мутахассислик диплом ва малака ҳужжатларини тан олиниши ҳамда янги ходимларни ишга мослаштириш жараёнларида ёрдам кўрсатилиши таъкидланган.

"Fit for Climate"–Германияда ҳунармандчилик соҳасида хорижлик малакали кадрларни мақсадли жалб қилиш ва уларни интеграция қилишга қаратилган пилот лойиҳа бўлиб, у 2027 йилнинг декабрь ойигача давом этади", – дейилади "Deutsche Handwerk Zeitung" мақоласи хулосасида.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш