Logo

Россиянинг Новосибирск шаҳрида мушкул аҳволда қолган уч нафар ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилди

Август 05, 2025. 18:26 • 2 дақ

110
Россиянинг Новосибирск шаҳрида мушкул аҳволда қолган уч нафар ватандошимиз Ўзбекистонга қайтарилди

НОВОСИБИРСК, 5 август. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги ходимлари кўмагида Новосибирск шаҳрида мушкул аҳволда қолган уч нафар юртдошимиз "Ватанга қайтариш" номли хайрия акцияси доирасида оиласи бағрига қайтарилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Бош консулхона томонидан ватандошларимизга Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатлар расмийлаштирилди. Улар 4 август куни "Uzbekistan airways" авиакомпанияси самолёти билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги, Миграция агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда жорий йил 30 июлдан 30 августгача "Ватанга қайтариш" номли хайрия акцияси ўтказилмоқда.

Акция доирасида хорижий давлатларда мушкул аҳволда қолган Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтариш ва уларни самарали реинтеграция қилиш ишлари амалга оширилаяпти.

Биринчи навбатда, Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Жанубий Кореяда депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинмоқда.

Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва Бош консулхоналари 7 августга қадар чет эл давлатларнинг депортация марказларида сақланаётган ватандошларимизни аниқлайди ва улар ҳақидаги рўйхатни Миграция агентлигига тақдим этади.

Фуқаро Миграция агентлигига тўғридан-тўғри мурожаат қилган тақдирда, агентлик ходимлари 1-2 соат ичида улар билан боғланади ҳамда аризани масофавий тарзда қабул қилади. Ариза бир кун ичида кўриб чиқилади ва икки кун муддатда йўл чиптаси олиб берилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш