Дубайда оғир аҳволга тушиб қолган ҳамюртимизнинг ватанига қайтишига кўмаклашилди
Сентябрь 16, 2026. 20:30 • 2 дақ
• 131
ДУБАЙ, 16 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида БААда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган юртдошимиз ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бош консулхона вакилларининг маълум қилишича, фуқаро У.Р. БААга ишга жойлашиш мақсадида келган. Бироқ у хорижга чиқишдан олдин Ўзбекистон Миграция агентлигига мурожаат қилмаган ва амирликка келгач, мустақил равишда иш излай бошлаган.
Муносиб бўш иш ўрнини топа олмаган ватандошимиз молиявий қийинчиликларга дуч келган. Натижада у оғир аҳволга тушиб қолган, яшаш ва овқатланиш учун маблағ ҳамда Ўзбекистонга қайтиш учун авиачипта сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлган.
Бош консулхона дипломатлари фуқаро билан суҳбатлашиб, унинг аҳволини батафсил ўрганишди. Унга вақтинчалик турар жой ва озиқ-овқат берилди, кейинчалик Дубайдан Ўзбекистонга учиб кетиши учун зарур ёрдам кўрсатилди.
Шу муносабат билан хорижда меҳнат фаолиятини режалаштираётган фуқароларга Ўзбекистон Миграция агентлигига олдиндан мурожаат қилиш қатъий тавсия этилади.
Агентлик орқали хорижда расмий ва хавфсиз ишга жойлашиш, мавжуд бўш иш ўринлари, иш берувчилар билан боғланиш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ёрдам олиш мумкин.
Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси амалдаги қонунчилик доирасида хорижда қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларга консуллик-ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш ишларини давом эттирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси