Тиббиёт ходимларини ишга жойлаштириш бўйича Ўзбекистон–Чехия ҳамкорлиги кенгайтирилади
Август 03, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 120
ПРАГА, 3 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонасида ушбу давлатнинг “ZYLORA” компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Зилола Иргашева билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Чехия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида тартибга солинган меҳнат миграцияси асосида тиббиёт ходимлари ва ҳамшираларни ишга жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, малакали мутахассисларнинг қонуний ва тартибли ишга жойлашишини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон–Чехия ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари ҳақида ҳам фикр юритилди.
Компания вакиллари келгусида Чехияда ишга жойлаштириш учун Ўзбекистонда ҳамшираларни тайёрлайдиган ихтисослаштирилган ўқув курсларини ташкил этиш имкониятини ўрганаётганини маълум қилди.
Ишбилармонлар компаниянинг ушбу йўналишдаги келгуси фаолият стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистондан Чехияга тиббиёт ходимларини юборишни тартибга солувчи амалдаги меъёрий-ҳуқуқий база, тартиб-таомиллар ва қонунчилик талабларини батафсил ўрганиш ниятида эканини билдирди.
Чехияда рўйхатдан ўтган “ZYLORA” компанияси халқаро бизнесни ривожлантириш, компанияларни рўйхатдан ўтказиш, молиявий ва солиқ масалалари бўйича ҳамроҳлик қилиш, халқаро банк хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Шунингдек, компания Европа, Осиё ва Африка мамлакатлари ўртасида ишбилармонлик алоқалари ўрнатиш бўйича консалтинг хизмати кўрсатиб келмоқда.
Сўнгги пайтларда компания Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси