Logo

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Приморск ўлкаси ҳукумати аъзолари билан музокара ўтказдилар

Декабрь 12, 2024. 07:40 • 2 дақ

202
Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Приморск ўлкаси ҳукумати аъзолари билан музокара ўтказдилар

ВЛАДИВОСТОК, 12 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Россиянинг Приморск ўлкаси ҳукумати аъзолари билан музокара ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашув Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Жумладан, Приморск ўлкаси қурилиш вазири Александр Москалев Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни юксак баҳолаб, мамлакатимиздан Приморск ўлкасига келиб қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. У, шунингдек, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ишонч муносабатларини алоҳида қадрлашини ва бу ҳамкорлик бундан буён ҳам халқларимиз фаровонлиги йўлида янада ривожланишига ишончи комиллигини маълум қилди.

Приморск ўлкаси расмийларига кўра, хозирги вақтда ўлкадаги 28 та қурилиш корхоналари ва темир йўл қурилишида 1273 та бўш иш ўринлари бор.

Бош консулхона ходимлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, қонуний тартибда Ўзбекистон фуқароларини чет элда ишга жойлаштириш ҳамда хорижий иш берувчиларнинг талабидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг малакасини ошириш бўйича ташкил этилган Мономарказлар фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.

Приморск ўлкаси губернатори ўринбосари Дмитрий Мариза билан кечган мулоқотда губернатор Олег Кожемяконинг мамлакатимизга амалга оширган ташрифи чоғида эришилган келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича ишларнинг бориши хусусида фикр алмашилди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари ва Приморск ўлкаси ўртасида йўлга қўйилиши режалаштирилган ҳамкорликни жадаллаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш