Logo

Ўзбекистон Буюк Британияда янги туризм йўналиши сифатида тобора оммалашмоқда

Апрель 22, 2024. 18:33 • 1 дақ

202
Ўзбекистон Буюк Британияда янги туризм йўналиши сифатида тобора оммалашмоқда

ЛОНДОН, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Буюк Британиянинг "Jules Verne" сайёҳлик компанияси бошқарувчи директори Дебби О'Нилл ва лойиҳа менежери Тее Кроуфорд билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида Британия томонига мамлакатимизда туризм йўналишини ривожлантириш, мавжуд ва янги барпо этилаётган сайёҳлик мажмуалари, хорижий сайёҳлар учун таклиф этилаётган дастурлар, виза тартибини соддалаштириш тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Томонлар Буюк Британиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, юртимизнинг бой туристик имкониятлари ва янги сайёҳлик йўналиши сифатида тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Дебби О'Нилл Ўзбекистон қадимий шаҳарлари, меъморий обидаларига бўлган қизиқиш ҳамда мавжуд визасиз тизим сабабли йил сайин хорижий сайёҳлар, хусусан британияликлар орасида оммалашиб бораётганини таъкидлади.

Музокаралар натижасида "Jules Verne" компанияси билан ҳамкорликда жорий йил давомида 500 дан ортиқ сайёҳларни мамлакатимизга юбориш ва компания расмий сайти орқали  Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этиш учун "Uzbekistan your destination" номли янги рукун очиш бўйича келишувга эришилди.

"Jules Verne" - қадимий ва нуфузли туристик компаниясига XIV асирнинг иккинчи ярмида асос солин. Компания 45 йилдан буён британиялик сайёҳларни дунё бўйлаб саёҳатга юбориш билан шуғулланади. Шунингдек, у туристик минтақалардаги ижтимоий, атроф муҳитни ҳамда ҳайвонот оламини асраш каби лойиҳаларни кенг тарғиб қилади ва қўллаб-қувватлайди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш