Ҳиндистон ахборот агентлиги Ўзбекистонга сайёҳлар оқими ошаётгани ва мамлакатимизнинг халқаро хавфсизлик рейтингларидаги юқори ўринлари ҳақида мақола чоп этди
Март 26, 2026. 18:35 • 2 дақ
• 148
ДЕҲЛИ, 26 март. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг “India Blooms” ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ютуқларига бағишланган материал эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда хорижий меҳмонлар сонининг барқарор ўсиши ва мамлакатимизнинг хавфсиз йўналиш сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланган.
Мақолада 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонга 12 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюргани, бу эса ўтган йилги кўрсаткичлардан 16% га кўп экани ҳақида сўз юритилган. Туризм экспортидан тушган даромадлар 4,8 миллиард долларлик маррага етди. Материал муаллифлари бундай юқори натижаларга инфратузилмани ривожлантириш, транспортдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, хизматларни рақамлаштириш ва янги туристик кластерларни ташкил этиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар самарасида эришилаётганини қайд этган.
Нашрда виза сиёсатига алоҳида эътибор қаратилган. “India Blooms” кириш тартиб-таомилларининг соддалаштирилгани мамлакатимизни сайёҳлар учун янада жозибадор қилганини урғулаган. 94 та давлат фуқаролари учун визасиз режим амал қилмоқда, 52 та мамлакат сайёҳлари электрон виза расмийлаштириш имкониятидан фойдаланишлари мумкин, 45 та давлатдан келган меҳмонлар учун эса беш кунлик визасиз транзит имконияти мавжуд, деб ёзган нашр.
“India Blooms” хавфсизлик таъминланишини сайёҳлар жалб қилишнинг асосий омили деб атаган. Материалда Ўзбекистоннинг юқори позицияларини тасдиқловчи халқаро рейтинг маълумотлари келтирилган.
Хусусан, “International SOS” хавфсизлик харитасига кўра, Ўзбекистон Европанинг қатор давлатлари билан бир қаторда “паст хавф” тоифасига мансуб ҳисобланади. “Numbeo” хавфсизлик индексида мамлакат 148 та давлат орасида 25-ўринни эгаллаб турибди, шунингдек, ёлғиз саёҳат қилувчи аёллар учун хавфсизлик рейтингида (“Solo Female Travel Safety Index”) ва Хавфсизликни идрок этиш индексида (“Safety Perceptions Index”) етакчилик қилмоқда. Бундан ташқари, “Gallup” глобал қонун устуворлиги ва тартиб индексида ҳам юқори кўрсаткичлар қайд этилган.
Нашр муаллифлари Буюк ипак йўлининг бой тарихий-маданий меросини асраб келаётган Ўзбекистон туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, виза қоидаларини либераллаштириш ва тан олинган хавфсизлик даражаси туфайли халқаро сайёҳлар учун ҳамёнбоп, қулай ва ишончли йўналиш сифатидаги мавқеини изчил мустаҳкамлаб бораётгани ҳақида фикр билдирган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси