Ўзбекистон 2030 йилга бориб 20 миллион хорижий сайёҳни қабул қилишни мақсад қилган

Сентябрь 28, 2026. 14:00 • 3 дақ

• 178
Ўзбекистон 2030 йилга бориб 20 миллион хорижий сайёҳни қабул қилишни мақсад қилган
Ўзбекистон 2030 йилга бориб 20 миллион хорижий сайёҳни қабул қилишни мақсад қилган
Ўзбекистон 2030 йилга бориб 20 миллион хорижий сайёҳни қабул қилишни мақсад қилган
Ўзбекистон 2030 йилга бориб 20 миллион хорижий сайёҳни қабул қилишни мақсад қилган
Ўзбекистон 2030 йилга бориб 20 миллион хорижий сайёҳни қабул қилишни мақсад қилган

ТОШКЕНТ, 28 сентябрь. /“Дунё” АА/. Тошкент шаҳрида 27 сентябрь — Халқаро туризм куни муносабати билан туризм соҳаси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар, соҳа фахрийлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Туризм қўмитаси маълумотларига кўра, тадбир аввалида Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари — Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов Президент Шавкат Мирзиёевнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Давлат раҳбарининг табригида ошкориклик сиёсати, виза режимининг соддалаштирилиши, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмасининг кенгайтирилиши туризм ривожига кучли суръат бағишлагани таъкидланди. Хусусан, 2025 йилда мамлакатимизга қарийб 12 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюргани, бу ютуқлар ортида эса туризм соҳасида фаолият юритаётган минглаб инсонларнинг фидойи меҳнати ётгани қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари Президент табригида соҳа ходимлари меҳнатини муносиб эътироф этиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган туризм ходими” фахрий унвонини таъсис этиш ҳақида билдирилган таклифни мамнуният билан қўллаб-қувватладилар.

2030 йилга бориб хорижий сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга етказиш, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 7 фоизга, туристик хизматлар экспортини эса 8 миллиард доллардан ошириш каби улкан мақсадлар соҳада меҳнат қилаётган барча масъуллар ва мутахассислардан янги ёндашувлар, ташаббускорлик ва юксак масъулиятни талаб этади.

Шу муносабат билан туризм соҳасида фидойилик билан меҳнат қилаётган инсонларнинг ташаббуслари, касб маҳорати ва амалий ҳиссасини эътироф этиш муҳим аҳамият касб этади. Тадбир доирасида фаол мутахассислар, давлат органлари ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар ва ижтимоий соҳа вакиллари “Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тантанали равишда тақдирландилар.

Шунингдек, тадбир давомида туризм соҳасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар ва ташаббуслар тақдим этилди. Хусусан, Туризм қўмитаси, “Хунарманд” уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Uzbek Gift Contest” республика сувенир маҳсулотлари танловининг биринчи босқич якунлари сарҳисоб қилинди. Танловга 600 дан ортиқ иш келиб тушди. Ҳайъат баҳосига кўра, ёғоч, суяк ва тош ўймакорлиги, каштачилик, заргарлик санъати, миллий қўғирчоқлар ва тўқимачилик йўналишлари бўйича энг яхши 10 нафар уста аниқланиб, мукофотланди.

Шу билан бирга, гастрономик туризмни ривожлантиришга қаратилган “Gastro Marketplace” ва “Tourist Friendly Restaurant” махсус лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур ташаббуслар хизмат кўрсатиш стандартларини янада такомиллаштириш, миллий таомларимизни халқаро аудитория ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистоннинг гастрономик салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.

Тадбирнинг маданий қисмида “Омадли меҳмон” интерактив викторинаси ташкил этилиб, унинг ғолибларига Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун туристик йўлланмалар топширилди. Байрам дастури таниқли санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш