Гуанчжоуда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди
Май 29, 2026. 15:10 • 2 дақ
• 101ГУАНЧЖОУ, 29 май. /“Дунё” АА/. Гуанчжоу шаҳрида ташкил этилган тақдимот доирасида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Бош консулхонаси ва “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда Хитойнинг Гуандун провинциясидаги туроператор компаниялар, ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситаларининг 150 дан ортиқ вакили иштирок этди.
Тақдимот давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг маданий-тарихий йўналишлар, гастрономик туризм, табиий диққатга сазовор масканлар каби кенг қамровли сайёҳлик имкониятлари ҳамда ишбилармонлик туризмини ривожлантириш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.
Икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Форум доирасида “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси вакиллари Тошкент – Гуанчжоу йўналишида янги мунтазам авиақатнов очилишига бағишланган брифинг ўтказди. Ушбу йўналиш Ўзбекистон билан Хитойнинг йирик иқтисодий ва технологик марказларидан бири ўртасидаги ишбилармонлик, сайёҳлик ва гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Гуандун провинцияси Маданият ва туризм департаменти бош директори ўринбосари Хуан Сичжун Ўзбекистоннинг сайёҳлик ташкилотлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ва туризм салоҳиятини хитойликлар орасида оммалаштиришга қаратилган қўшма тадбирлар ўтказиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ўзбек санъаткорлари ижросида “Лазги” миллий рақсини ижро этилгани тадбирнинг ёрқин лаҳзаларидан бири бўлди. Бу чиқиш иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва тақдимот меҳмонларида ёрқин таассурот қолдирди.
Тадбир якунида томонлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасида сайёҳлик алмашинувини янада ривожлантириш ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







