Исломободда туризм бўйича Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб олинди
Май 28, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 103
ИСЛОМОБОД, 28 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси бошқарувчи директори Афтаб ур-Реҳман Рана билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш ва мазкур йўналишда амалий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар туризм соҳасида турли даражаларда эришилган келишувларни амалга ошириш, янги ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Туризм бўйича Ўзбекистон–Покистон қўшма ишчи гуруҳининг 2-йиғилишини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Афтаб ур-Реҳман Рана Ўзбекистон Президентининг жорий йил 5-6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида икки томонлама савдо ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида»ги баённома икки мамлакат муносабатларини янги босқичга олиб чиққанини қайд этди. У мазкур ҳужжат асосида туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш ва амалий натижаларга йўналтирилган қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мазкур жабҳада таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Покистондаги «Туризм ва меҳмонхона бошқаруви коллежи» таълим муассасалари тармоғи билан Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Халқаро туризм академияси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш таклиф этилди. Шу билан бирга, Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси ва «Uzbekistan Airways» ўртасида англашув меморандумларини имзолаш ташаббуси билдирилди. Бу эса икки мамлакат ўртасида туристик оқимни ошириш, янги авиақатновларни йўлга қўйиш ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Музокараларда Туризм бўйича Ўзбекистон-Покистон қўшма ишчи гуруҳининг 2-йиғилишини видеоконференция шаклида ўтказиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, Тошкент халқаро туризм кўргазмаси ва «Pakistan Travel Mart» ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиш, туризм ярмаркалари ва халқаро форумларда ўзаро иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар икки мамлакатнинг бой маданий мероси, тарихий обидалари ва зиёрат туризми салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали сайёҳлар оқимини сезиларли даражада ошириш мумкинлигини қайд этдилар. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар ҳамда Покистоннинг маданий ва табиий туристик масканлари ўртасида қўшма туристик йўналишлар ишлаб чиқиш истиқболли йўналиш сифатида баҳоланди.
Учрашув якунида Покистон Туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбарияти билан «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Халқаро туризм академияси раҳбарияти ўртасида онлайн музокараларни ташкил этишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Қозоғистонда Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва тиббий туризм имкониятлари намойиш қилинди



