Ўзбекистон ва Туркия ўртасида туризм соҳасида янги ҳамкорлик йўналишлари белгиланди
Июнь 18, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 186
ИСТАНБУЛ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Истанбулда Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини кенг тарғиб этиш ва туркиялик ҳамкорлар билан сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир мамлакатимиз Бош консулхонаси, “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Туркиядаги ваколатхонаси ва “Ender Turizm” агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Учрашувда Туркиянинг етакчи сайёҳлик компаниялари ҳамда Ўзбекистонга туристик ва ишбилармонлик сафарларини ривожлантиришдан манфаатдор бўлган корпоратив сектор вакиллари иштирок этди.
Иштирокчиларга “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг йўналишлар тармоғи ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида маълумот тақдим этилди. Мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ва Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Тошкент шаҳарларининг сайёҳлик жозибадорлиги, жумладан, зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув давомида Туркиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кенгайтириш, янги туристик йўналишларни шакллантириш ва икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, зиёрат ва маданий-маърифий турларни ташкил этишнинг амалий жиҳатлари ҳамда ўзаро туристик ва йўловчилар оқимини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунлари бўйича иштирокчилар туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, сайёҳлар алмашинуви дастурларини кенгайтириш ва зиёрат туризми салоҳиятидан янада фаолроқ фойдаланишдан манфаатдор эканини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси