Ўзбекистон ва Туркия: Умумий тарихдан муштарак келажак сари
Январ 28, 2026. 09:00 • 6 дақ
• 116
АНҚАРА, 28 январь. /“Дунё” АА/. Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари, ўзаро шерикчилик ва биродарлик муносабатлари хусусида фикр билдирди:
– Туркия учун Ўзбекистон билан муносабатлар чуқур, узоқ муддатли ва стратегик пойдеворга асосланган. Якдиллик, ўзаро англашув ва ҳар икки халққа хос давлатчилик тажрибаси-ахлоқи билан ривожланган бу муносабатлар икки қардош мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратади.
Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар дипломатик алоқалар ёки долзарб ҳамкорлик мавзулари билангина чекли эмас. Икки давлатни умумий тил, муштарак маданият ва теран тарихий тамаддун мулоқоти бирлаштириб туради. Асрлар давомида айни ҳавзада гуллаб-яшнаган бу биродарлик руҳи бугунги кунда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг энг мустаҳкам пойдеворини ташкил этади.
Анадолунинг Ўзбекистон, хусусан, ушбу заминдаги Самарқанд ва Бухоро каби марваридлар билан бўлган маънавий риштаси икки мамлакат алоқаларига ўзгача руҳ ва теранлик бағишлайди. Бу боғ нафақат умумий ўтмишнинг ифодаси, балки ҳозирги муносабатларни мазмунан тўлдирувчи муҳим омил, умумий истиқболни шакллантирувчи жонли тарихий меросдир. Умумий қарашлар, ўхшаш ижтимоий қадриятлар ва муштарак тарихий онг икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг энг юқори даражага чиқишини таъминлайди.
Ўтмишдан бугунгача давом этиб келаётган бу кучли ришталар Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар вақтинчалик эмаслигини, улар доимий ва чуқур илдиз отганлигини аниқ кўрсатади. Бу биродарлик шунчаки хотиралардаги тарих эмас: у бугунги ҳамкорликни озиқлантирувчи, умумий қарашларни мустаҳкамловчи омил ўлароқ мавжуд.
Бу мустаҳкам тарихий пойдевор икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кундан-кунга ривожлантиришга имкон беради.
Ўзбекистондаги сўнгги тўққиз йил мамлакатнинг тараққиёт йўналишини шакллантирган янги ислоҳотлар даври бўлди ва бу жараён давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги бу ҳаракат юзаки ўзгаришлар эмас, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган кенг қамровли ва кўп қиррали сафарбарлик сифатида ажралиб туради. Ушбу янгиланиш ҳаётнинг барча жабҳаларида, иқтисодий кўрсаткичлардан то ижтимоий тизимгача, давлатчилик анъаналарини мустаҳкамлашдан тортиб, фуқаролар билан муносабатларгача аниқ акс этмоқда.
Амалга оширилган ислоҳотларнинг асосий хусусияти – инсон қадирига устиворлик бериш ва жамиятни мустаҳкамлаш тушунчасига асосланган. Иқтисодиётда қўйилган дадил қадамлар, инвестиция муҳитини яхшилаш ва дунёга очилиш истаги янги Ўзбекистонни янада очиқ, янада ишончли ва янада жозибадор мамлакатга айлантираётир. Бу ислоҳотлар жамоатчиликнинг давлатга бўлган ишончини ошириш баробарида, оддий инсонларнинг келажакка умидларни мустаҳкамламоқда.
“Янги Ўзбекистон” ғояси шунчаки белгиланган мақсад эмас. Бу ғоя давлат институтларининг самарадорлигини оширишни, бошқарувга шаффоф принципларини кенг жалб этишни, ислоҳотлар билан ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб боришни мақсад қилган. Бу ғоянинг тафсилотларига қадар пухта ўйланган равон йўл харитаси, унинг ижросини синчковлик билан кузатиб бораётган Раҳбари бор.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонни кўп зиёрат қилган шахс сифатида айта оламанки, жойлардаги ислоҳотларнинг таъсири шаҳарларнинг ривожланишида, давлат секторининг фаолиятида, бизнес оламининг динамизмида ва энг муҳими, жамоатчиликнинг келажакка бўлган қарашларида яққол сезилмоқда. Ҳар бир ташрифимда янада тартибли, янада ривожланган ва янада кучлироқ Ўзбекистонга дуч келаман. Бу ўзгаришлар нафақат инфратузилмавий имкониятларда, балки жамиятнинг умумий кайфиятида ва келажакка бўлган умидларида ҳам яққол кўриниб турибди. Ислоҳотларнинг энг юқори даражада қатъият билан амалга оширилаётгани – бу муваффақиятнинг энг муҳим сабабидир.
Яна бир жиҳат. Президент Шавката Мирзиёевнинг ислоҳотчилик кайфияти Ўзбекистоннинг ўзи билан чекли қолаётгани йўқ. Ушбу ислоҳотларнинг узлуксизлиги нафақат мамлакат ичидаги тараққиёт, балки бутун минтақадаги барқарорлик ва умумий ривожланиш тенденциясига асос бўлмоқда. Бу эса, мамлакатнинг минтақавий ролини мустаҳкамлаш баробарида, унинг туркий дунёда янада фаол, конструктив иштирокчи ва етакчи мавқега эга бўлиши учун замин яратмоқда. Яъни, янги Ўзбекистон нафақат ўз порлоқ истиқболини иншо этаётган, балки умумий минтақавий фаровонликка муносиб ҳисса қўшаётган давлат ўлароқ алоҳида ажралиб туради.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнининг энг ўзига хос жиҳатларидан бири инсон марказли давлатчилик ёндашувидир. Бу ёндашув ислоҳотларнинг марказда шакллантирилиши билан бирга, жамиятнинг энг қуйи қатламларига – оддий иснонлагача етиб боришини таъминлашни мақсад қилган. 2026 йилда мамлакатда белгиланган “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” фикри кучли давлат ва кучли жамият ўртасида соғлом ҳамжиҳатликни ўрнатишда муҳим қадам сифатида ажралиб туради.
Ўзбекистонда маҳалла шунчаки турар-жой ҳудуди эмас. Маҳалла – бирдамлик, аҳиллик ва ижтимоий ҳамжиҳатлик марказидир. Ушбу тузилмани мустаҳкамлаш ислоҳотларнинг жойларда ўз аксини топишига ва фуқароларнинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатишига имкон беради. Маҳаллага асосланган ёндашув давлат ва жамият ўртасидаги алоқани мустаҳкамлайди, ислоҳотларнинг доимийлигини кафолатлайди.
Маҳалла ҳақида гап кетганда Ўзбекистонда оқсоқолларнинг роли ва уларга қаратиладиган алоҳида эътибор ҳақида тўхталиб ўтиш зарур. Ўзбек жамиятида оқсоқоллар теран тажриба, соғлом фикр ва аҳиллик тимсолини ифодалайди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янги йилга берилган ном ва қабул қилинаётган дастур оқсоқолларни ижтимоий ҳаётнинг фаол унсурлари ўлароқ жамият ҳаётида кенг иштирок этишга чорлайди. Бу тушунча ижтимоий муаммоларни ва эҳтимолий хавфларни бартараф этишда маслаҳатлашув, тажриба ва соғлом фикрга устувор аҳамият берадиган бошқарув моделини акс эттиради.
Ўзбекистоннинг инсон қадрини улуғлашга асосланган давлатчилик модели модернизация ва анъаналар бир-бирига зид келмаслигини, аксинча тўғри тадбиқ қилинганда улар бир-бирини мустаҳкамлайдиган муҳим манба эканини яққол кўрсатиб бермоқда. Бунга кўра, ислоҳотларни миллий қадриятлар билан уйғунликда амалга ошириш жамият томонидан ўзгаришларни қабул қилишни осонлаштиради ва трансформация жараёнига кучли туртки беради.
Бу ёндашув нафақат Ўзбекистон, балки туркий дунё учун ҳам илҳомлантирувчи намуна бўлиб хизмат қилаётир. Ижтимоий тизимни мустаҳкамлайдиган ва анъаналарни сақлаб қолиш билан бирга модернизацияга қаратилган бу ёндашув умумий географиямизда барқарорлик ва тараққиёт учун муҳим асос ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда эришилган ютуқлар замирида Раҳбарият даражасида ўрнатилган кучли ва самимий ишончнинг роли беқиёс.
Президентимиз жаноб Режеп Таййип Эрдоған ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида ўрнатилган бу муносабатлар ўзаро ҳурмат, очиқ мулоқот ва биродарлик руҳига асосланган.
Раҳбарлар ўртасидаги бу аҳиллик ўзаро муносабатларнинг стратегик шериклик асосида ривожланишига имкон берди. Сиёсий ироданинг аниқлиги ва узлуксизлиги туфайли Туркия–Ўзбекистон линиясидаги ҳамкорлик соҳалари тез суръатлар билан кенгайиб бормоқда; қабул қилинган қарорлар аниқ натижаларни бермоқда. Бу икки томонлама муносабатларимиз конъюнктуравий ўзгаришларга боғлиқ бўлмасдан доимий ва чуқур мазмунга эгалигини кўрсатади.
Жадал ҳамкорлик фақат сиёсий муносабатлар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва фан каби кенг жабҳалардаги алмашинув мустаҳкамланмоқда. Раҳбарият даражасида намойиш этилган ирода қуйи турувчи муассасалар ва халқ томонидан ҳам ўзаро қўллаб-қувватланиб, ҳамкорлик жараёнларининг янги қирралари кўпайиб бормоқда.
Туркия–Ўзбекистон муносабатларида шаклланган бу кучли ришталар бутун туркий дунёни мустаҳкамловчи замин яратади. Ўзбекистон ўзининг тарихий, маданий ва ижтимоий салмоғи туфайли туркий дунёда марказий мавқега эга. Аҳолиси, тарихий мероси ва цивилизация ҳавзасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон туркий дунёнинг асосий мамлакатларидан бири сифатида ажралиб туради. Бинобарин, Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) таркибидаги мавжудлиги оддий аъзолик эмас, балки Ташкилотни мувозанатлаштирувчи, йўналтирувчи ва шакллантирувчи роли билан тавсифланади. Ўзбекистоннинг ТДТдаги конструктив роли Ташкилот ичида амалга оширилаётган ишларга барқарорлик, теранлик ва мазмун бағишлайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатлар қаторида, Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида амалга оширилаётган ишларни тезлаштириш жиҳатидан ҳам муҳимдир. Умумий қараш, ўзаро ҳурмат ва маслаҳатлашув маданияти Туркий дунёни янада интеграциялашган, самарали ва нуфузли тузилмага айлантиришга ҳисса қўшади.
Шу нуқтаи назардан, ўтмишдан куч олувчи Туркия–Ўзбекистон муносабатлари ўзаро ишонч, биродарлик ва туркий дунёнинг умумий келажаги учун қимматли ҳисса қўшишда давом этади.
Бу биродарлик нафақат ўтмишнинг, балки бизнинг умумий келажагимизнинг ҳам энг муҳим ҳалқасидир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
