Япониядан муносабат: Компаниямиз Ўзбекистонга саккиз йўналишда инвестиция киритиб, қўшма корхоналар ташкил этган
Март 07, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 128
ТОШКЕНТ, 7 март. /“Дунё” АА/. Юртимизда ўтказилган япон анъанавий санъати намойишида иштирок этган Япониянинг “Balcom Group” компанияси президенти, Ўзбекистон фахрий консули Тецуро Ямасака “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқалари ҳақида фикр билдирди:
– Ўзбекистон–Япония ўртасидаги иқтисод, маданият ва спорт алоқаларини ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда. Ҳамкорлик алоқалари нафақат жамоатчилик ва дипломатик йўналишларда, балки бизнес соҳасида ҳам тобора кенгаймоқда. Хусусан, компаниямиз томонидан Ўзбекистонда турли йўналишда инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти. Ҳазирга қадар саккиз йўналишда инвестиция киритиб, қўшма корхоналар ташкил этдик.
Ўзбекистонга илк бор 2019 йилда ташриф буюрганман. Ўшанда ўзбекларнинг меҳнатсеварлиги, оилапарварлиги ва ишга бўлган масъулияти менда катта таассурот қолдирган. Шу омиллар мени Ўзбекистонда бизнес фаолиятини йўлга қўйишга ундаган.
Фикримча, сўнгги пайтларда икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар ривожланиб бормоқда. Жумладан, 2024 йил май ойида Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрида “Япония оқшоми” номли катта маданий тадбир бўлиб ўтган эди. Мазкур тадбир доирасида япон маданияти Ўзбекистон жамоатчилигига, ўз навбатида, ўзбек маданияти Япония аудиториясига тақдим этилди.
Тошкент шаҳрида ўтказилган “Япония оқшоми”нинг юксак савияда ташкил этилиши бизга ўзаро маданий алмашинувларни янада ривожлантиришга туртки берди. Шу асосда, бу гал Кагура томошасини намойиш қилишга муваффақ бўлдик.
Яна бир қувонарли ҳолат – Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, ҳар йили навбат билан – бир гал Ўзбекистонда, кейинги сафар Японияда маданий-маърифий учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.
Спорт йўналишида ҳам қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2023, 2024 ва 2025 йилларда Ўзбекистоннинг 17–19 ёшлилар терма жамоаси Ҳиросимада ўтказилган Халқаро тинчлик спорт мусобақаларида иштирок этди.
Таълим соҳасида ҳам икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, Тошкент Турин политехника университети ҳамда Ҳиросима университети ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, мазкур келишув доирасида талабалар алмашинуви амалга оширилмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети билан ҳам меморандум имзоланган. Унга мувофиқ, талабаларни Ҳиросима университетида таҳсил олиш учун юбориш режалаштирилган.
Амалга оширилаётган иқтисодиёт, маданият, спорт ва таълим соҳаларидаги бу каби қўшма лойиҳалар Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси