ИСМИ эксперти: Чегара масалаларининг ҳал этилиши – Фарғона водийсидаги янги сиёсий воқеликнинг инъикоси
Апрель 03, 2026. 17:45 • 2 дақ
• 153
ФАРҒОНА, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 31 март куни Фарғона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик форуми доирасида “Дўстлик стелалари – қардош мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик рамзи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли тадбирда минтақа мамлакатлари ва Озарбайжоннинг таниқли олимлари, экспертлари, парламент вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари етакчилари иштирок этдилар. Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) етакчи илмий ходими Шаҳло Ҳамрахожаева сўнгги йилларда Фарғона водийсида кузатилаётган туб ижобий ўзгаришларга алоҳида тўхталди.
Экспертнинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида минтақанинг энг мураккаб ва нозик масалаларидан бири бўлган чегара низоларини ҳал этишда мисли кўрилмаган натижаларга эришилди. Бу жараёнларнинг ҳуқуқий тасдиғи сифатида “Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси” ва Давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши кўрсатиб ўтилди. Бу ҳужжатлар ўзаро ҳурмат, мулоқот ва умумий келажак учун интилишга асосланган мутлақо янги сиёсий воқелик шаклланганидан далолат беради.
Шунингдек, ўтган йилнинг октябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган “Фарғона тинчлик форуми” ушбу тинчлик жараёнларининг амалий давоми бўлгани қайд этилди. Мазкур платформанинг ўзига хослиги унинг инклюзивлигида бўлиб, унда маҳалла фаоллари, ёшлар ва хотин-қизларнинг иштироки таъминлангани таъкидланди. СМТИ вакили ушбу майдоннинг аҳамияти минтақавий даражада тан олинганини, хусусан, Ўзбекистон раҳбари томонидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-маслаҳат учрашувида ушбу форматни мунтазам Халқаро форумга айлантириш ташаббуси илгари сурилгани ва бу ғоя қўшни давлатлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланганини билдирди.
Хулоса ўрнида Шаҳло Ҳамрахожаева Фарғона водийсининг тинчлик ва барқарор ривожланиш маконига айланиши минтақавий ҳамкорлик самарадорлигининг яққол намунаси эканини таъкидлади. Ишончни мустаҳкамлаш ва стратегик ташаббусларни биргаликда амалга ошириш нафақат Марказий Осиё, балки кенгроқ минтақалараро ҳудудда ҳам барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси