Logo

Фарғона вилоятида Шри-Ланка сармояси иштирокида жаҳонга машҳур "H&M" бренди учун тайёр кийим ишлаб чиқаришга ихтисослашган фабрика ишга туширилди

Сентябрь 12, 2025. 14:46 • 2 дақ

159
Фарғона вилоятида Шри-Ланка сармояси иштирокида жаҳонга машҳур "H&M" бренди учун тайёр кийим ишлаб чиқаришга ихтисослашган фабрика ишга туширилди

ФАРҒОНА, 12 сентябрь. /"Дунё" АА/. Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида яна бир замонавий лойиҳа – Шри-Ланка инвестициялари иштирокида "Innovative Apparel" трикотаж фабрикаси ишга туширилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасини ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ушбу йўналишдаги фаолият натижасида Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида яна бир замонавий лойиҳа – Шри-Ланка инвестициялари иштирокида "Innovative Apparel" трикотаж фабрикаси ишга туширилди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, замонавий технологиялар асосида ташкил этилган. Корхона халқаро миқёсда эътироф этилган "H&M" бренди учун тайёр кийим ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Маҳсулотлар ички ва ташқи бозорларга йўналтирилган. Айни пайтда Россия, Покистон, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрон ва Қирғизистон каби давлатларнинг йирик компаниялари билан савдо шартномалари имзоланган.

Фабрика фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 500 дан ортиқ янги иш ўринлари очилди. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилганидан кейин иш ўринлари сони 3,5 минг нафарга етиши кутилмоқда. Корхона раҳбарияти ишчилар учун қулай меҳнат шароитлари яратиш мақсадида таълим марказлари ва тиббий хизмат кўрсатиш пунктларини ташкил этишни ҳам режалаштирмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, фабрика тўлиқ қувватга чиққач, йиллик экспорт ҳажми 30 миллион АҚШ долларига етади. Бу нафақат маҳаллий аҳоли учун минглаб иш ўринларини яратиш, балки мамлакатимиз ташқи савдо айланмасига сезиларли ҳисса қўшиш имконини беради.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистонда тўқимачилик ва енгил саноат соҳасида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш ва халқаро бозорда миллий брендларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган устувор вазифалардан бири – маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини оширишдан иборат.

Фарғонада ишга туширилган мазкур фабрикани ана шу мақсадларга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида қайд этиш мумкин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш