Logo

Миср компанияси Ўзбекистонда янги иш ўринларини яратиш ва ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда

Сентябрь 07, 2025. 11:06 • 2 дақ

132
Миср компанияси Ўзбекистонда янги иш ўринларини яратиш ва ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда

ҚОҲИРА, 7 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мисрнинг "In2Metals" компанияси томонидан Ўзбекистонда ташкил этилган "Copper Mining" чет эл корхонаси 2024-2029 йилларда Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги "Шимолий Букантау" ҳудудида мис захираларини ўрганиш мақсадида 300 миллион долларлик инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Шундан 20 миллион доллари геология-қидирув ишларига йўналтирилган. Хусусан, 2024 йил сентябрь ойидан бошлаб Оразали, Қангашар, Сметана ва Тошбақа участкаларда минераллашган зоналар аниқланиб, 2025 йилда тадқиқотлар Қорамурун, Древний, Акрар ва Қорабулоқ участкаларини қамраб олди. Геофизика, геохимия, бурғулаш ва 3D моделлаштириш каби илғор технологиялар асосида олиб борилган ишлар маҳаллий "Қизилқум Пардоз" компанияси билан ҳамкорликда, JORC ва NI 43-101 халқаро стандартларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Бу ҳудудлар олтин, мис, молибден, вольфрам, кумуш ва бошқа ноёб металларга бой.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихона ташаббуси билан "Copper Mining" чет эл корхонаси юртимизда нафақат геология-қидирув ишларига, балки маҳаллий аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий ташаббусларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, 2024 йилда Қулқудуқ қишлоғида ҳаммом таъмирланди, ичимлик суви учун қудуқлар қазилди, мактабларга китоб тақдим этилди.

2025 йилда 300 миллион сўмлик грант маблағлари асосида таълим, маиший шароитни яхшилаш ва бандликни қамраб олган янги дастурлар амалга оширилишига келишилди.

Шунингдек, умумий 195 миллион сўм инвестиция асосида амалга ошириладиган "Қулқудуқ" ичимлик суви лойиҳаси доирасида янги қудуқлар қуришга тегишли лицензиялар олинди.

Бундан ташқари, компания Тошкент Геология университети талабалари учун амалиёт дастурини йўлга қўйиб, 2025 йил июль ойида 11 нафар ёш мутахассисни ўқув-ишлаб чиқариш амалиётига жалб этилди ҳамда 8 нафар битирувчини доимий иш билан таъминлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш