Кенжи Ҳирата: Япония–Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга қадам қўймоқда
Декабрь 19, 2025. 08:15 • 4 дақ
• 142
ТОШКЕНТ, 19 декабрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи ва “Марказий Осиё+Япония” форматидаги биринчи саммитдаги иштироки арафасида ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Кенжи Хирата “Дунё” АА мухбирига интервью бериб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар алмашинувлар, “C5+” форматининг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди:
– Аввало, интервьюга вақт ажратганингиз учун раҳмат. Маълумки, Япония Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий, маданий – бир сўз билан айтганда, барча соҳалардаги муҳим ҳамкорларидан бири ҳисобланади, шундай эмасми? Сизнингча, икки давлат ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва янги даражага олиб чиқишда қайси йўналишлар энг истиқболли?
– Ўзбекистон Президенти Мирзиёев Жаноби Олийларининг Японияга ташрифи арафасида менга интервью бериш имконияти берилганидан мамнунман. Таъкидлашим керак, Ўзбекистон Япония учун муҳим стратегик ҳамкор бўлгани сабабли, бу ташриф стратегик шериклигимизда муҳим қадам бўлади. Япония–Ўзбекистон стратегик ҳамкорлиги ҳозирда янги босқичга ўтмоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, икки давлат ҳукуматлари ўртасида қатор ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилган.
Бугунги кунда биз мутлақо бошқача – Ўзбекистонни кўраяпмиз. Янги Ўзбекистон дунёга очиқ ва хорижий давлатлар билан алоқалар орқали модернизацияга эришишга интилмоқда. Бу жараёнда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва савдо муҳим рол ўйнайди, ва бу, асосан, хусусий сектор қўлидадир. Шу сабабли, Япония–Ўзбекистон стратегик ҳамкорлигининг келажаги, асосан хусусий секторга қаратилади. Албатта, ҳукуматлар хусусий секторни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Шу боис, ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш ва уни янада кучайтиришга интиламиз.
– Сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликка алоҳида урғу бердингиз. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни тилга олишимиз керак – бу маданий дипломатия, маданий алоқадорлик ва таълим соҳасидир. Бунга халқ дипломатияси, япон тилини ўқитиш, талабалар алмашинуви каби кўплаб йўналишларни мисол келтиришимиз мумкин. Сизнингча, ушбу соҳада икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтаришга нималар туртки бўла олади?
– Ҳа, инсон ресурсларини ривожлантириш доимо муносабатларимиз марказида бўлиб келган. Япония ҳукумати ўзбекистонлик ёшлар учун қатор стипендия дастурларини амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда 2 минг 400 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар Японияда таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, Нагоя университети ва Цукуба университети каби етакчи олий таълим муассасалари бошчилигида университетлараро алмашинув дастурлари йўлга қўйилган. Биз бу ёшлар Японияда ўқишни тамомлагач, ўз ватанига – Ўзбекистонга қайтиб, Японияда орттирган билим ва тажрибалари орқали мамлакат ривожи ва модернизациясига ҳисса қўшишига умид қиламиз. Менимча, бу ҳам ўзаро ҳамкорлигимизга янада туртки беради.
– Япония барқарор инновациялар, энергия самарадорлиги ва экологик тоза технологиялар соҳасида глобал етакчилардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам яшил иқтисодиёт ва қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини устувор йўналиш сифатида белгиламоқда. Сизнингча, ушбу муҳим соҳада икки давлат қандай қўшма ташаббусларни амалга ошириши мумкин?
- Ҳа, бу борада кўплаб аниқ йўналишлар мавжуд. Таъкидлаганингиздек, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш ёки энергия самарадорлигини ошириш каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш имкониятлари жуда кўп. Алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлган соҳалардан бири – иқлим ўзгаришига қарши курашишда қўлланиладиган қўшма кредитлаш механизмидир. Ҳозирча, биз аниқ лойиҳаларни шакллантириш устида ишлаяпмиз. Яқин келажакда бундай амалий лойиҳалар албатта амалиётга тадбиқ этилади.
Биз Япония технологиялари ва яшил трансформация борасидаги тажрибаси Ўзбекистон интилаётган яшил иқтисодиёт ривожига катта ҳисса қўша олади, деб ҳисоблаймиз. Шу боис, ҳар икки томон манфаатига хизмат қиладиган ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида аниқ ва амалий лойиҳалар ишлаб чиқилишига умид қиламиз.
– Суҳбатимизнинг энг муҳим қисми, яъни кутилаётган “Марказий Осиё ва Япония” мулоқотига тўхталсак. Ушбу формат ғоялар ва ташаббуслар алмашиш учун муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда “Марказий Осиё +” формати илк бор Япония билан бошланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, ушбу формат доирасида ҳозиргача қандай асосий ютуқларга эришилди ва келажакда қайси истиқболли ташаббусларни амалга ошириш кутилмоқда?”
– “Марказий Осиё + Япония” саммитининг биринчи босқичи самарали ўтишига ишонамиз. Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг етакчилиги ва ташаббуси туфайли бошқа Марказий Осиё давлатларининг ҳам ушбу форматга қизиқиши ҳамда кенг кўламли ҳамкорликка интилиши ошмоқда. Ўзаро ташрифлар одатий ҳолга айланди. Сув ресурсларини бошқариш, чегара назорати, иқлим ўзгариши ва бошқа масалалар бўйича доимий мулоқотлар олиб борилмоқда.
Бугун C5 ёки C6 мамлакатларининг ҳамкорлик қилиши оддий ва табиий ҳол бўлиб қолди. Аммо 2004 йилда Япония C5 + 1 форматини бошлаб берган пайтда вазият мутлақо бошқача эди. Шундан буён қанчалик катта йўл босиб ўтилганини кўришимиз мумкин. Менимча, ушбу C5 + 1 форматининг энг муҳим томони – бу ўзаро ишонч ва бирдамлик муҳити шакллантирганидир. Бу осон иш эмас, албатта, у узоқ вақт талаб этади. Шунга қарамай, Япония ушбу форматга асос солганидан фахрланамиз. Бугун эса амалий жиҳатдан катта ижобий ўзгаришларни кўриб турибмиз. Шу сабабли, Япония–Марказий Осиё давлатларининг ҳамкорлиги ва шериклигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга, энг аввало, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш орқали ҳамроҳ бўлиб келаётганидан жуда мамнунмиз.
– Сермазмун суҳбат ва фойдали маълумотларингиз учун катта раҳмат.
– Сизга ҳам фикр-мулоҳазаларимни билдиришга имконият яратганингиз учун миннатдорлик билдираман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон–Япония: стратегик шериклик чегаралари кенгаймоқда
Ўзбекистон–Парагвай: қитʼалар ва океанлар орқали мулоқот
Янги Ўзбекистон: конституциявий ислоҳотлардан – конституциявий барқарорлик сари