АДПИ педагоглари Қирғиз–ўзбек халқаро университети фаолияти билан танишди
Декабрь 07, 2025. 10:22 • 2 дақ
• 316ЎШ, 7 декабрь. /“Дунё” АА/. Қирғиз–ўзбек халқаро университетида “Буюк ипак йўли – мусиқа орқали бирлик” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбирда Андижон давлат педагогика институти (АДПИ) вакиллари, Бош консулхона ходимлари ҳамда Ўш шаҳридаги ўзбек тилида таълим бериладиган мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
Дастлаб, АДПИ педагоглари Қирғиз–ўзбек халқаро университетининг ўқув жараёнлари, илмий-техникавий имкониятлари, лаборатория ва ижодий ишлар студияси фаолияти билан таништирилди.
Академик ва маданий йўналишларда қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, ўзаро талабалар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Куннинг иккинчи ярмида университетнинг фаоллар залида Андижон давлат педагогика институтининг “Афсона” симфоник оркестри томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Концерт дастурининг очилиш маросимида сўз олган Қирғиз-ўзбек халқаро университети ректори Абдилбает Мамасидиқов сўнгги йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги фаол ҳамкорлик алоқаларига тўхталди.
“Ўзбек ва Қирғиз халқларини умумий тарих, маданият ва инсонпарварлик қадриятлари каби олийжаноб ришталар боғлаб туради. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда давлат раҳбарларимизнинг сиёсий иродаси ва ўзаро дўстона муносабатлари туфайли барча соҳаларда, жумладан, маданият ва санъат соҳасида ҳам янги имкониятлар яратилмоқда. Албатта, қўшма фестиваллар, концертлар, бугунги каби ижодий алмашинувлар – бунинг ёрқин исботидир” – деди у.
Тадбир якунида меҳмонларга университет раҳбариятининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Бу каби маданий тадбирларни келгусида Андижон вилоятида ҳам ўтказишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




