Logo

Туркияда ўзбек нони ҳақидаги видеоролик 18 миллион марта томоша қилинди

Январ 08, 2026. 09:34 • 1 дақ

339
Туркияда ўзбек нони ҳақидаги видеоролик 18 миллион марта томоша қилинди

АНҚАРА, 8 январь. /“Дунё” АА/. Бугунги кунда туристларни мамлакатга жалб этишда замонавий воситалар, хусусан, блогерларнинг қисқа ва таъсирли видеороликлари муҳим аҳамиятга эга, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Қардош турк халқи ҳам “Ота юрт”нинг қадриятларини тараннум этишда мазкур имкониятлардан кенг фойдаланмоқда. Туркиялик блогер Доға Реҳберинг (Doğa Rehbering)нинг youtube саҳифасида эълон қилинган “Ўзбекистон нони” (Özbekistan Ekmeği) номли видеоролик 2 ой муддат ичида 18 миллиондан ортиқ марта томоша қилинган.

“Ҳаётимда илк бор Ўзбекистонни кўрдим ва ҳайратда қолдим. Шунчаки “нон” дейишга тил бормайди, ҳақиқий санъат асари бу. Шунчалик гўзал безатиладики, ушбу видеода сиз ҳам гувоҳи бўлишингиз мумкин”, – деб ўзбек нонини эътироф этади блогер.

Доға Реҳберинг Ўзбекистон нонларининг турфа хилларини мадҳ этаркан, “Ҳатто баъзи нонлар лаган катталигида тайёрланади. Айрим нонлар ичига гўшт ҳам қўшилади. Пишиш жараёнида хамр гўшт билан мукаммал таъмга эга бўлади”, – дея таърифлайди.

Ўз шарҳи ниҳоясида блогер “Қаранг, нонвой нонга безак беришда давом этмоқда. Сизнингча, биргина нон учун бунчалик жон куйдириш нақадар тўғри?! Баъзилар шунча оворагарчиликка не ҳожат дейиши ҳам мумкин. Аммо бу – ушбу заминнинг маданияти ва қадриятидир. Ҳозир димоғимга хушбўй ҳиди уриб турибди. Таърифлашга тил ожиз!”, – дейди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш