Logo

Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди

Декабрь 14, 2025. 13:04 • 3 дақ

617
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди

ЎШ, 15 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўш шаҳрида буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўчанинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу маросимда қатнашиш учун Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида Андижон вилояти ҳокимияти, Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети вакиллари ҳамда мамлакатимиз элчиси Саидикром Ниёзхўжаевнинг Ўш шаҳрига амалий ташрифи амалга оширилди.

Ўзбекистонлик меҳмонларни қирғиз–ўзбек давлат чегарасидаги “Достук” чегара-ўтиш пунктида Қирғизистон маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Аскарали Мадаминов, Президентнинг Ўш вилоятидаги ваколатли вакилининг 1-ўринбосари Ильяз Ташбаев, Ўш шаҳар мэри Женишбек Токторбаев ва бошқа расмий шахслар тантанали равишда кутиб олди.  

Алишер Навоий шоҳкўчаси ва ҳайкалнинг очиш маросимида Қирғизистон Президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили Аманкан Кенжебаев бошчилигида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон делегацияси ҳамда турли ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбир Алишер Навоий ҳайкалини очиш ва унинг пойига гулчамбарлар қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар эътиборига ўзбек ва қирғиз санъаткорлари томонидан тайёрланган, Алишер Навоий ижодини акс эттирувчи саҳна кўринишлари ва унинг ғазалларига басталанган қўшиқлардан иборат концерт дастури тақдим этилди.  

Ўш вилояти раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик алоқалари ва стратегик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Алишер Навоий ҳайкали очилиш маросимида иштирок этиш учун Ўш шаҳрига Ўзбекистондан нуфузли делегация ташрифи икки мамлакат халқларининг тарихий

ва маданий биродарлик алоқалари ва чуқур ҳурмат белгиси эканини урғулади.

Алишер Навоийнинг маънавий мероси ўзбек ва қирғиз халқларини бирлаштирувчи муҳим қадрият ҳисобланади. Ўш шаҳрида унинг ҳайкали ўрнатилиши мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг ёрқин тимсолидир.

Шаҳар мэри Ўш шаҳрида Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи 1968 йилда барпо этилгани ва буюк ўзбек шоирининг шаҳардаги биринчи ҳайкали ҳам шу йил ўрнатилганини ҳамда 1991 йилда боғ атрофидаги кўчага унинг номи берилганини маълум қилди. Ушбу кўча шу кунгача унинг номи билан аталиб келинган. Сўнгги йилларда бу ерда катта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ўтказилиб, кўча мавқейи кўтарилиб, шоҳкўчага ўзгартирилганини билдирди.

Женишбек Токторбаевнинг таъкидлашича, халқларимиз доим бирдамликда яшаб келган ва бу аҳил-иноқлик ҳозиргача сақланиб қолмоқда. Жорий йилда Ўш вилоятига Ўзбекистондан 1,3 миллион нафардан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган ва ушбу рақам халқларимиз ўртасида биродарлик ва дўстлик алоқаларининг тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. 

Тадбир Ташқи ишлар вазирлигининг Жанубий вилоятларидаги ваколатхонасида давом эттирилиб, ўзбек–қирғиз делегациялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари муҳокама қилинди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожи ҳамда эришилган муҳим ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш, биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш ҳақида келишиб олди.

Учрашувда Ўзбекистон Президентининг ўзбек ва қирғиз халқлари орасидаги азалий дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси учун Ўш шаҳри мэри Женишбек Токторбаевни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Ушбу мукофотни Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков тантанали равишда топширди.  

Мэр Женишбек Токторбаев камтарона фаолиятига берилган юксак баҳо учун Ўзбекистон Президенти ва ўзбек халқига ўзининг чуқур ҳурматини изҳор этиб, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги тарихий биродарлик алоқаларини ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўлида бор кучини сарфлашини таъкидлади.  

Ўз навбатида, Озодбек Назарбеков Алишер Навоий шоҳкўчасини таъмирлаш ва ҳайкалини ўрнатиш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда бугунги тадбирни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган ташкилотчиларга Ўзбекистон номидан самимий миннатдорлик билдирди. 

Тадбир давомида элчи Саидикром Ниёзхўжаев “Дестинация Ўш” туризм корхоналари жамоат бирлашмаси раиси Абдуқодир Алиевга “Ўзбекистон туризм брендининг Қирғизистондаги элчиси” сертификатини тантанали равишда топширди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш