“Reuters” АА: АҚШ ва Ўзбекистон муҳим минераллар бўйича келишув имзолади
Февраль 22, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 176
ВАШИНГТОН, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Американинг нуфузли “Reuters” ААда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида тобора ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, АҚШ ҳукумати Ўзбекистон билан Марказий Осиё мамлакатларининг энг муҳим фойдали қазилмаларидан яхшироқ фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича келишув имзолаган.
АҚШ Халқаро тараққиёт ва молия корпорацияси томонидан тайёрланган ҳужжатда айтилишича, Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп ва жадал ривожланаётган мамлакати билан “Қўшма инвестиция дастури” стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Таъкидланишича, муҳим минерал ресурслар, жумладан, геология-қидирув, қазиб олиш ва қайта ишлашнинг бутун қиймат занжири бўйлаб инвестицияларга устувор аҳамият берилади. Шунингдек, келажакда минерал ресурслар ва инфратузилма лойиҳалари учун янги АҚШ–Ўзбекистон қўшма инвестиция холдинг компаниясини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Дональд Трамп ҳокимиятга қайтганидан сўнг АҚШ Марказий Осиё республикалари билан муносабатларни янада мустаҳкамлади.
“2025 йил ноябрь ойида АҚШ етакчиси Оқ уйда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлат раҳбарларини қабул қилди. Шу ой бошида фойдали қазилмалар бўйича саммит ўтказилиб, унда 11 та давлат, жумладан, Ўзбекистон билан муҳим минерал ресурсларни етказиб бериш бўйича қатор меморандумлар имзоланди”, дея фикр юритилган агентлик материалида.
Манбада таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга оширмоқда. Қарийб 40 миллион аҳоли яшайдиган мамлакатда олтин, уран ва миснинг катта захиралари, замонавий технологиялар асосида ётган литий ва вольфрам каби ўнлаб муҳим минералларнинг ҳали ўзлаштирилмаган катта захиралари мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
