“Янги Ўзбекистон” концепцияси Женевада тақдим этилди
Февраль 26, 2026. 16:10 • 2 дақ
• 225ТОШКЕНТ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази (ИҲММ) директори, академик Акмал Саидов Женева шаҳридаги Миллатлар саройида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 61-сессияси Олий даражадаги сегментида онлайн тарзда иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирнинг очилиш маросимида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, БМТ Бош Ассамблеяси раиси Анналена Бербок, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк, шунингдек, давлат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва БМТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарлари сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги “Янги Ўзбекистон” концепциясини тақдим этди. Мамлакатимиз вакили Ўзбекистоннинг БМТ Низоми принципларига, шунингдек, глобал таҳдидлар шароитида халқаро ҳамкорлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга содиқлиги ўзгармаслигини таъкидлади.
Мамлакатда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича миллий “йўл харитаси” сифатида кўрилмоқда ҳамда у ижтимоий адолатни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган.
Шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Миллий стратегия лойиҳаси тайёрланаётгани, шунингдек, БМТ Жаҳон дастурининг Бешинчи босқичи доирасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Миллий дастур ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинди.
БМТ Бош котибининг “UN-80” ташаббуси ҳамда БМТ Олий комиссарининг Инсон ҳуқуқлари бўйича глобал альянс яратиш таклифи қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон 2026 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро пактларнинг 60 йиллигига бағишланган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форуми ҳамда Ёш парламентарийларнинг глобал конференциясига мезбонлик қилади.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг навбатдаги олтмиш биринчи сессияси 2026 йил 23 февралда очилди. Сессия ишида 100 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда. Кун тартибидан 29 та интерфаол мулоқот, рақамли технологияларга ва Дурбан декларациясининг бир йиллигига бағишланган мавзули ялпи мажлислар ҳамда айрим мамлакатлар ва минтақалардаги вазиятлар муҳокамаси каби масалалар ўрин олган. Сессия иши 2026 йил 31 мартга қадар давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



