Чехияда ўзбек маданияти ва туризм имкониятлари намойиш қилинди
Декабрь 19, 2025. 16:23 • 2 дақ
• 59ПРАГА, 19 декабрь. /“Дунё” АА/. Прага шаҳридаги “Самарқанд” ресторанида мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Чехиянинг етакчи сайёҳлик ташкилотлари ва компаниялари иштирокида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган маданий-гастрономик тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Чехия Сайёҳлик агентликлари уюшмаси (Association of Travel Agencies – ACK), Туроператорлар ва сайёҳлик агентликлари уюшмаси (Association of Tour Operators and Travel Agents – ACCKA) ҳамда 30 дан ортиқ туризм соҳасида фаолият юритувчи етакчи компаниялар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги замонавий имкониятлари, ислоҳотлари ва истиқболларини Чехия туризм бозори вакилларига тақдим этиш, икки давлат ўртасида туризм соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.
Учрашув давомида ўзбек миллий таоми – паловни тайёрлаш бўйича кулинария шоу ташкил этилди. Мазкур форматдаги тадбир Прага шаҳрида илк бор ўтказилиб, Чехия туризм доиралари вакиллари ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Кулинария намойиши иштирокчиларга ўзбек миллий ошхонасининг бой анъаналари ва маданий қадриятларини яқиндан намоён этиш имконини берди.
Тадбирда меҳмонларга ўзбек миллий таомлари тортилди. Ўзбекистоннинг Ипак йўли мероси, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлари, гастрономик, маданий, экологик ҳамда MICE туризми имкониятлари бўйича тақдимотлар ўтказилди. Визасиз режим, транспорт алоқалари ва меҳмонхона инфратузилмасининг жадал ривожланаётгани алоҳида таъкидланди.
Иштирокчиларга туризм йўналишлари, туристик маршрутлар ва хизматлар ҳақида маълумот берувчи ахборот-тарқатма материаллар тақдим этилди. Ушбу формат тадбир иштирокчилари томонидан ижобий баҳоланди.
Тадбирда сўзга чиққан ACK ва ACCKA вакиллари Ўзбекистон ва Чехия ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик истиқболларини алоҳида эътироф этди. Улар Ўзбекистон Чехия туристлари учун истиқболли, янги ва жозибадор йўналиш сифатида тобора катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади. Чехия туроператорлари томонидан Ўзбекистонда туристик инфратузилманинг яхшиланиши, меҳмонхона фондининг кенгайиши ва хизматлар сифати ошгани ижобий қайд этилди.
Ўтказилган тадбир Ўзбекистон ва Чехия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим амалий қадам бўлди. Чехия томонининг юқори қизиқиши ва эришилган келишувлар Ўзбекистоннинг Европа бозоридаги туристик салоҳияти юқори эканини тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Лондонда британиялик экспертлар билан тиббий туризм истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон норвегияликлар учун машҳур сайёҳлик йўналишига айланмоқда
Наманган вилояти делегацияси хитойлик ишбилармонлар билан туризм бўйича келишувларга эришди
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди


