Logo

Малайзия корпорацияси билан биргаликда яримўтказгичлар соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича келишувга эришилди

Февраль 27, 2025. 10:52 • 2 дақ

86
Малайзия корпорацияси билан биргаликда яримўтказгичлар соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича келишувга эришилди

КУАЛА-ЛУМПУР, 27 февраль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистонинг элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия яримўтказгич интеграл схемаларини лойиҳалаш паркига ташриф буюриб, "Selangor Information Technology & Digital Economy Corporation" ("SIDEC") корпорацияси бош ижрочи директори Ёнг Кай Пинг билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ёнг Кай Пинг билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистонда яримўтказгичлар соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, ўқув дастурлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини яратишда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Суҳбатдошга кўра, дунёда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилмаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий соҳалар мавжуд. Шу боисдан, яримўтказгичларни турли соҳаларга жорий қилишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжуд.

Малайзия томони Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун инновацион ечимларни жорий қилишда, жумладан деҳқончилик, хусусан, пахтачилик, дончилик ва боғдорчиликда дрон технологияларини қўллашда, чорвачиликда қорамолларни электрон идентификациялашда фойдаланиладиган сунъий идрокнинг дастурий ишланмалари ва улар учун микрочипларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

"SIDEC" раҳбарияти билан "Semiconductor IC Design Park" инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда яримўтказгичларни лойиҳалаш бўйича малакали мутахассисларни тайёрлашда ва уларнинг амалий кўникмаларини шакллантиришда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

"SIDEC" – Малайзиянинг Селангор штати ҳукумати томонидан ташкил этилган давлат корпорацияси бўлиб, унинг асосий мақсади штатда ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришдан иборат.

Малайзия яримўтказгич интеграл схемаларини лойиҳалаш парки "SIDEC" корпорацияси томонидан мамлакатда яримўтказгичлар саноатининг ўсишини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган. Парк фаолияти илмий тадқиқотларни олиб бориш, прототиплаштириш ва технологияга асосланган ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган маҳаллий ва хорижий компанияларни жалб қилишга қаратилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш