Logo

Ўзбекистоннинг янги элчиси Испания Қиролига ишонч ёрлиқларини топширди

Апрель 09, 2024. 16:10 • 56 сония

478
Ўзбекистоннинг янги элчиси Испания Қиролига ишонч ёрлиқларини топширди

МАДРИД, 9 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Фаррух Турсунов Мадрид шаҳрида Испания Қироли Филипп VI га ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Қирол Филипп VI Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, очиқ ташқи сиёсатни амалга ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Президентининг сиёсий ташаббуслари, ўз мамлакати фаровонлиги, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасидаги жараёнлар, айниқса, қўшни Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қўшаётган ҳиссаси алоҳида қайд этилди.

Испания Қироли, шунингдек, икки томонлама муносабатларни барча жабҳаларда мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Қирол Филипп VI Ўзбекистон элчисига икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли ишларига муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов 2023 йил 7 декабрь куни Тошкентдан Мадридга етиб борган эди. Бунгача у ТИВнинг Стратегик таҳлил ва прогнозлаш бош бошқармаси, шунингдек, Йиғма ахборот-таҳлил департаментини бошқариб келаётган эди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш