Logo

Ўзбекистон элчиси Ҳиндистоннинг Маҳараштра штати губернатори билан учрашди

Январ 10, 2025. 07:33 • 55 сония

176
Ўзбекистон элчиси Ҳиндистоннинг Маҳараштра штати губернатори билан учрашди

МУМБАЙ, 10 январь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг Маҳараштра штати губернатори Чандрапурам Радҳакришнан билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик, жумладан, ҳудудлараро шериклик алоқалари кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди, истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш имкониятлари ўрганилди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижалари, жамият ҳаётининг барча жабҳаларидаги янгиланиш жараёни, хорижий сармоядорлар ва ишбилармонлар учун яратилган жозибадор ва қулай муҳит, улар билан биргаликда йўлга қўйилган йирик ва самарали қўшма лойиҳалар ҳақида маълумот тақдим этилди.

Икки мамлакат етакчиларининг яқин дўстлиги ва изчил саъй-ҳаракатлари натижасида халқларимизнинг узоқ тарихга бориб тақаладиган серқирра ҳамкорлик муносабатлари сўнгги йилларда мазмунан янги даражага кўтарилгани ҳамда ушбу жараёнда ҳудудлараро алоқалар алоҳида аҳамият касб этаётгани урғуланди.

Тадбирда савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, туризм, маданият, илм-фан, таълим ва бошқа соҳалардаги шериклик муносабатларини янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон шаҳарларидан бири ва Маҳараштра штати маъмурий маркази - Мумбай шаҳри ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатишга оид таклифлар ишлаб чиқиш бўйича келишиб олди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш