Ўзбекистон элчиси БАА энергетика ва инфратузилма вазири учрашув ўтказди

Май 12, 2026. 15:55 • 2 дақ

25
Ўзбекистон элчиси БАА энергетика ва инфратузилма вазири учрашув ўтказди

АБУ-ДАБИ, 12 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий билан учрашди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.

Унда БАА компаниялари иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган энергетика ва инфратузилма лойиҳалари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари учун биродар мамлакат экани, икки давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган яқин ва ишончли муносабатларни янада кенгайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

БАА томони Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиётни, энг аввало, хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистондаги рақамлаштириш жараёнлари, турли соҳаларга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, қонунчилик базасини такомиллаштириш мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишининг муҳим омиллари сифатида эътироф этилди.

Шунингдек ўқинг

Учрашув давомида икки мамлакат ҳукуматлари даражасида қўшма лойиҳалар ижросини мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилгани, янги ташаббуслар эса айнан шу механизм орқали мувофиқлаштирилаётгани маълум қилинди.

Шунингдек, 2019 йилда “Abu Dhabi Uzbek Investment” компаниясининг ташкил этилиши икки томонлама иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлгани таъкидланди. Мазкур компания Ўзбекистондаги истиқболли лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришнинг самарали механизми бўлиб хизмат қилмоқда.

Мулоқот якунида Суҳайл Муҳаммад ал-Мазруий V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш