Ўзбекистон энергетика ҳафталиги рекорд даражадаги иштирокчи ва делегатларни жамлади
Май 12, 2026. 18:25 • 3 дақ
• 12ТОШКЕНТ, 12 май /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда ёқилғи-энергетика комплексининг йирик тармоқ кўргазмалари ва конференцияларини бирлаштирган Ўзбекистон энергетика ҳафталиги – UEW 2026 бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
12–14 май кунлари “CAEx Uzbekistan” кўргазма мажмуасида 28-Ўзбекистон энергетика ҳафталиги – UEW 2026 бўлиб ўтади. Тадбир “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси томонидан “ICA Eurasia Group” ва “Congresses of Central Asia” ҳамкорлигида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ расмий кўмагида ташкил этилмоқда.
Бу йилги тадбир 580 та компания ва брендларни, 140 дан ортиқ спикер ва модераторларни, 34 мамлакатдан 1,5 минг нафардан ортиқ делегатларни бирлаштирди. Ушбу кўрсаткичлар Ўзбекистон энергетика ҳафталиги тарихида рекорд даражага етди.
Экспозиция қисми “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2026” 28-халқаро кўргазмаси, “Энергетика, энергия тежаш, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2026” 19-халқаро кўргазмаси ҳамда “Яшил энергия тежовчи технологиялар – GETCA 2026” ихтисослаштирилган бўлимини ўз ичига олади.
Ишбилармонлик дастури “Ўзбекистон энергетика форуми” бренди остида “Янги энергетика: инновациялар, барқарорлик, минтақавий кооперация” мавзусида ўтказилмоқда. Тадбир доирасида Халқаро нефть-газ конференцияси, Халқаро энергетика конференцияси ва “Youth Energy Section” ёшлар энергетика блоки ташкил этилди.
Форум барқарор ривожланиш, технологик модернизация, инновацияларни жорий этиш ва энергетика соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилади.
Тадбирнинг юқори мақоми етакчи халқаро компанияларнинг ҳомий ва ҳамкор сифатида иштирок этиши билан белгиланади. Улар орасида “Acwa”, “Huawei”, “Masdar”, “Rosatom”, “Honeywell” ва глобал энергетика бозорининг бошқа йирик компаниялар бор.
Форумнинг халқаро миқёси Беларус, Германия, Хитой, Россия ва Туркиянинг миллий павильонлари, шунингдек, Италия ва Корея Республикасининг жамоавий стендлари иштирок этишида ҳам ўз аксини топди.
1997 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU” халқаро кўргазмаси анъанавий равишда ҳафталикнинг асосий воқеаси бўлиб қолмоқда. Экспозицияда нефть-газ соҳаси учун замонавий технологиялар, ускуналар ва муҳандислик ечимлари тақдим этилган.
Энергетика ва қайта тикланувчи энергия манбаларига катта эътибор қаратилди. “Power Uzbekistan 2026” кўргазмаси доирасида электр энергиясини ишлаб чиқариш, сақлаш ва узатиш учун рақамли ечимлар, энергия тежаш технологиялари ва ускуналар намойиш этилмоқда.
“Яшил” энергия тежовчи технологияларга бағишланган “GETCA 2026” ихтисослаштирилган бўлими алоҳида ўрин эгаллайди. Бу ерда муқобил энергия, жумладан, қуёш ва шамол генерацияси соҳасидаги инновацион ечимлар намойиш этилмоқда.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги салоҳиятини изчил ошириб бормоқда. Халқаро компаниялар билан ҳамкорликда мамлакатда умумий қуввати 5,6 ГВт бўлган йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди. Умумий генерацияда “яшил” энергия улуши 30 фоизга етди, 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткични 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
“UEW 2026” дастури, шунингдек, G2B ва B2B шаклидаги учрашувларини ўтказишни, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва бозор иштирокчилари ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган шартномалар ва ҳамкорлик меморандумларини имзолашни назарда тутади.
2026 йилги Ўзбекистон энергетика ҳафталиги мамлакатнинг Марказий Осиёдаги асосий энергетика марказларидан бири ва халқаро тармоқ мулоқоти учун муҳим майдон сифатидаги ролини янада оширади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон Президенти Истанбулда очилган 29-Евроосиё иқтисодий саммити иштирокчиларига мурожаат йўллади









