Покистон компанияси Ўзбекистонда тиббий таълим ўқув муассасаси ва шифохона қуриш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда
Декабрь 20, 2024. 07:09 • 2 дақ
• 183
ИСЛОМОБОД, 20 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг "GAK Healthcare International" компанияси ижрочи директори Ясир Ниязи билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, қўшма таълим дастурлари ва тиббий хизматлар кўрсатиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Покистон вакилига мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт муассасаларининг муваффақиятли фаолияти ҳақида маълумот берилди. Кадрлар тайёрлаш ва тиббий хизмат кўрсатишда эришилган ютуқлар таъкидланди. Ўзбекистон қулай географик ўрни, жадал ривожланаётган бозорлари ва хорижий инвесторлар учун имкониятларнинг ортиб бориши туфайли Марказий Осиёда тиббий таълим ва хизмат кўрсатиш соҳасида ривожланиш учун юқори салоҳиятга эга мамлакат сифатида эътироф этилди. "GAK Healthcare International" компанияси ижрочи директори Ўзбекистонда тиббий таълим сифатини ошириш ва аҳолини арзон хизматлар билан таъминлашга қаратилган ўқув муассасаси ҳамда шифохонани ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирди.
Ўзбекистон элчиси Ясир Ниязи билан биргаликда мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳа учун намуна сифатида таклиф этилган Исломобод тиббиёт ва стоматология коллежига ташриф буюрди. Унинг доирасида ўқув муассаса раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Исломобод тиббиёт ва стоматология коллежига вакиллари Ўзбекистонда тиббиёт ва стоматология факультетларини, шунингдек, Ҳамширалик иши ва турдош тиббиёт фанлари мактабини ўз ичига олган таълим мажмуасини яратиш ниятида эканликларини маълум қилди.
Лойиҳа тиббиёт мутахассисларининг тайёргарлик даражасини ошириш ва мамлакатимиз аҳолиси учун сифатли тиббий хизматдан фойдаланишни яхшилашга қаратилган.
Коллеж вакилларининг айтишича, лойиҳани "GAK Healthcare International" компанияси ва унинг ҳамкорлари маблағларини жалб қилган ҳолда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш режалаштирилган. Ташаббуснинг муваффақиятли амалга оширилиши хорижий талабаларни жалб қилиш, Ўзбекистонда тиббий таълим ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек, малакали кадрлар тақчиллигини камайтиришга ёрдам беради.
Ўтказилган учрашувлар якунида, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан музокаралар ўтказиш, шунингдек, тиббиёт муассасалари, олий ўқув юртлари ва ушбу соҳадаги бошқа объектлар фаолияти билан танишиш учун Покистон томонининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишиб олинди.
"GAK Healthcare International" компанияси соғлиқни сақлаш, тиббий таълим ва технологиялар соҳасидаги лойиҳалар билан шуғулланади. Амалга оширилган ташаббуслар қаторида тиббиёт ва стоматология коллежларини қуриш, ҳамширалар тайёрлаш, шунингдек, клиника ва лабораториялар ташкил этиш киради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади