Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси юртимиздаги техникумларга махсус кийимлар ва спорт анжомларини тақдим этди
Ноябрь 21, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 142
ИСЛОМОБОД, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимиздаги 9 та касб-ҳунар техникумига беғараз грант ёрдами юборилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Грант кўмаги доирасида Нукус ва Каттақўрғон шаҳарлари, шунингдек, Миришкор, Хонобод ва Данғара туманларидаги техникумларга махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари ҳамда турли спорт анжомлари етказиб берилди.
Мазкур лойиҳа ёшларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини замон талаблари асосида ривожлантириш, профессионал таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўқувчилар учун сифатли таълим олиш ва спорт билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, элчихона ва грант ёрдами кўрсатилган техникумлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, ушбу ташаббус ушбу ҳамкорликнинг амалий натижаларидан бири ҳисобланади.
Тақдим этилган махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари ўқувчиларнинг амалий машғулотлари ҳамда ишлаб чиқариш таълими жараёнларини хавфсиз ва самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, техник ва амалий йўналишларда таҳсил олаётган ёшлар учун бундай воситалар меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя қилиш, турли иш жараёнларига тўғри мослашиш ҳамда келгусида касбий фаолиятга тайёргарлик кўришда муҳим ўрин тутади.
Техникумларга тақдим этилган спорт анжомлари эса ўқувчиларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спорт машғулотларини янада самарали ташкил этиш ва ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида, техникумлар раҳбарияти грант ёрдами доирасида тақдим этилган махсус кийимлар ва спорт анжомлари ўқувчиларнинг касбий маҳоратларини ошириш, танлаган мутахассисликларини пухта эгаллаш ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун муҳим имконият яратишини таъкидладилар.
Дипломатик ваколатхона томонидан таълим муассасалари билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни амалга ошириш, таълим соҳасидаги инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси