Logo

Малайзия билан "ақлли" шаҳар технологиясини жорий қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

Декабрь 10, 2024. 05:03 • 51 сония

280
Малайзия билан "ақлли" шаҳар технологиясини жорий қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди

КУАЛА-ЛУМПУР, 10 декабрь, /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия "Ақлли" шаҳарлар альянси раиси Раслан Аҳмад билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот давомида "ақлли" шаҳарларни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, Малайзиянинг Путражайя маъмурий шаҳри ва "Sunway City" шаҳарчаси мисолида муваффақиятли тажрибаларни ўрганиш, ўзаро ташрифлар ва қўшма илмий-амалий тадбирларини уюштириш муҳокама қилинди.

Музокаралар натижасида, Ўзбекистон вакиллари учун "ақлли шаҳар"лар, рақамли трансформация, циркуляр иқтисодиёт, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув мавзуларда қисқа муддатли ўқув ва малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш, Малайзия "Ақлли" шаҳарлар альянси вакиллари ташрифини ташкил қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Малайзия "Ақлли" шаҳарлар альянси 2018 йилда ташкил этилган. Ташкилот давлат тузилмалари, хусусий компаниялар, инвесторлар, ўрта ва кичик бизнес, илмий-таълим муассасаларини бирлаштиради. "Ақлли" ва барқарор шаҳарларни ривожлантириш йўналишида давлат-хусусий шериклигини йўлга қўйиш, илғор тажриба алмашиш, "ақлли шаҳар" инновацион, технологик ва барқарор ечимлар алмашинувини рағбатлантириш, анжуман ва кўргазмалар ташкил қилиш билан шуғулланади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш