Ўзбекистонда коррупцияга қарши ички назорат тизими кучайтирилмоқда
Апрель 25, 2025. 16:36 • 2 дақ
• 22
ТОШКЕНТ, 25 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 апрелда давлат органлари ва ташкилотларида ички коррупцияга қарши назорат бўлинмаларининг мустақиллиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳужжатда коррупция хавфларини барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, идоралараро ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чоралари белгиланган.
Унга кўра, ички коррупцияга қарши назорат бўлинмалари давлат ташкилотларида бевосита биринчи раҳбарга, давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик жамиятларида эса кузатув кенгашларига бўйсунади.
Ҳуқуқий эксперимент доирасида 2027 йил 1 январга қадар ички коррупцияга қарши назоратнинг янги модели Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтегаз” ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятларида синовдан ўтказилади.
Мазкур бўлинмалар раҳбарлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари орасидан тайинланиб, бевосита агентликка бўйсунади. Тажриба якунлари асосида ушбу тизимни бошқа давлат органлари ва ташкилотларида ҳам жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси