Ўзбекистон–Венгрия: туризм ва инвестиция соҳасида янги имкониятлар кўриб чиқилди
Апрель 02, 2026. 19:05 • 2 мин
• 8
БУДАПЕШТ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Венгриянинг “1000 Út” сайёҳлик компанияси вакиллари билан ҳамкорликда мамлакатнинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбирини ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов икки давлат ўртасида инвестиция муҳитини яхшилаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади.
Суҳбат жараёнида Ўзбекистон–Венгрия муносабатларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Стратегик шериклик изчил кенгайиб бораётгани, иқтисодиёт, инвестициялар, туризм, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик учун янги имкониятлар очилаётгани қайд этилди.
Тақдимот давомида меҳмонларга Ўзбекистон ҳақидаги видеоролик намойиш этилди. У иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, мамлакатнинг сайёҳлик йўналишларига бўлган эътиборни янада оширишга хизмат қилди. Расмий қисмдан сўнг меҳмонларга ўзбек миллий таомлари таклиф этилди.
Маданий дастур Ўзбекистон Маданият вазирлиги санъаткорлари иштирокидаги концерт билан якунланди. Уларда миллий фольклор ва замонавий санъат уйғунлиги ёрқин намоён этилди.
Все новости