Logo

Ли Чан-у: Меҳмондўст ўзбек халқини Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан самимий муборакбод этаман

Декабрь 08, 2025. 12:08 • 5 дақ

272
Ли Чан-у: Меҳмондўст ўзбек халқини Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан самимий муборакбод этаман

СЕУЛ, 8 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан Тэжон шаҳрининг стратегик аҳамияти, фан ва технология соҳасидаги ютуқлари, Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболлари, таълим соҳасида яратилаётган имкониятлар ва алмашинувлар ҳақида шаҳар ҳокими Ли Чан-у билан интервью ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

– Тэжон катта шаҳар, унинг Жанубий Кореядаги стратегик мавқеи ва иқтисодий салоҳияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз?

–  Тэжон Жанубий Кореядаги фан ва технологиялар маркази саналгани учун кўпинча “Фан пойтахти” деб аталади. Ҳукумат томонидан молиялаштириладиган 27 тадқиқот институти Тэжонда жойлашган. У Кореянинг электроника, телекоммуникация, биотехнология ва миллий мудофаа саноати каби асосий соҳаларни тадқиқ қилувчи институтларни ўз ичига олади, магистр ва докторлик даражасига эга тахминан 30 минг нафар тадқиқотчи ишлайди.

Шунингдек, Тэжонда яримўтказгичлар ва батареялардан тортиб, сунъий йўлдошлар, робототехника, квант ҳисоблаш ва ядровий синтез энергиясигача бўлган турли хил тадқиқотлар маркази мавжуд. Шу боис шаҳримизни “Жанубий Кореянинг мияси”, деб аташ мумкин.

– Шаҳрингизнинг фан, технология ва таълим соҳасидаги асосий ютуқларини нима деб ҳисоблайсиз?

– Айтишим керакки, Тэжон Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти – WIPО томонидан дунё даражасидаги фан ва технология шаҳри сифатида тан олинган. 2024 йил ҳолатига кўра, фан ва технология интенсивлиги бўйича Осиёда биринчи, дунёда еттинчи ўринда туради. Юртимизнинг келажакдаги ўсиш механизмлари бўйича тадқиқотлар шаҳримизда давом этмоқда. Яқиндан бери квант ҳисоблаш билан боғлиқ асосий тадқиқот институтлари Тэжонда кенг кўламли тадқиқотлар олиб бормоқда. Мудофаа саноатида ҳам сезиларли даражада ўсишни бошдан кечирмоқда ва бу соҳада асосий тадқиқот институтлари шу ерда жойлашган.

Кейинги 10 йил ичида Тэжон мамлакатимизнинг энг бой шаҳрига айланиши кутилмоқда. Шаҳримиз олтита стратегик соҳага эга: aэрокосмик, биосоғлиқни сақлаш, яримўтказгич, мудофаа, квант ва робототехника. Ушбу стратегик соҳалар тез ўсишни бошдан кечирмоқда ва Тэжон келажакдаги ўсиш механизмига етакчилик қилиши кутилмоқда.

Тэжонда 29 та биокомпания рўйхатга олинган ва шаҳар Корея биосаноатида муҳим роль ўйнайди. Шаҳар ушбу инновацион технологиялардан фойдаланиб, стартаплар ва етакчи компанияларга айлана оладиган истеъдодларни ривожлантиришга туртки бермоқда.

– Сиз 2022 йилда Сирдарё вилояти ҳокими билан учрашгансиз. 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирган эдингиз, аммо у турли сабабларга кўра бекор қилинди. Тэжон ва Ўзбекистон ўртасида ҳудудлараро алмашинув ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича алоқалар қандай деб ўйлайсиз?

– Фикримча, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи давлат. Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона ва ҳамкорлик муносабатларини йил сайин ривожланиб бормоқда. Ўзбекистонда тахминан 170 минг корейс миллатига мансуб аҳоли яшайди. Бу рақамлар муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

2022 йилда Сирдарё вилояти ҳокими Тэжонга ташриф буюрган эди. Ўша пайтда кўплаб аҳамиятли келишувларга эришилган. Биз шу йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирган эдик. Бироқ, жадвалдаги тиғиз вақт туфайли ташриф амалга ошмай қолди. Мен доим кераксиз ташрифлардан кўра, амалий, мақсадли чора-тадбирларни афзал биламан. Aгар келгуси йил имконият бўлиши билан, албатта, юртингизга ташриф буюрамиз.

Шунингдек ўқинг

– Тэжондаги олий таълим муассасалари ўзбек талаба ёшларига қандай имкониятларни таклиф қилади?

 Ҳозирда Тэжондаги университетларда тахминан 13 ярим мингга яқин хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Шундан 420 нафари ўзбекистонлик. Бу талабаларнинг Тэжонда тадқиқот олиб бориши, магистр ва докторлик даражаларини олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Ҳатто, иш фаолиятини йўлга қўйиши учун ҳам имкониятлар мавжуд.

– Келажакда икки мамлакат ўртасида ёшлар ва маданий алмашинув дастурларини жорий этиш бўйича фикрингиз қандай?

– Aввало, биродар ва дўст шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорлик жуда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашим керак. Мен маданият, санъат ва спортнинг барча соҳаларида алмашинувларни ривожлантириш тарафдориман. Тэжон шаҳрида симфоник оркестр, рақс ансамбли ва хори, анъанавий мусиқа гуруҳлари, умуман, турли хил санъат йўналишида марказлар фаолият юритади. Мунтазам равишда маданият ва санъат бўйича халқаро тадбирлар ўтказилиб келинади. Масалан, Тэжон “Midnight” халқаро фестивалида Ўзбекистон санъат намоёндалари ҳам иштирок этиши мумкин.

– Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?

 Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентининг фаол ва узоқни кўзлаган минтақавий сиёсати туфайли нафақат ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, балки минтақа ривожига тўсқинлик қилаётган кўп йиллик келишмовчиликларга барҳам беришга муваффақ бўлинди. Айнан Маслаҳат учрашувлари форматидаги мулоқот давомида баҳсли масалаларни, шу жумладан давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун асослар яратилгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг ҳам саммитга қўшилганини эшитдим. Бу минтақанинг дипломатик имкониятларини янада оширишига замин яратади. Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда, балки Жануби–Шарқий Осиё ва Шимоли–Шарқий Осиёда ҳам кўплаб мамлакатлар билан алоқаларда муҳим ўринга эга.

– 8 декабрь – Ўзбекистон Конституцияси куни. Ушбу байрам арафасида ўзбек халқига айтар сўзингиз борми?

 Меҳмондўст ўзбек халқини Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан самимий муборакбод этаман. Умид қиламанки, бу конституция асосида Ўзбекистон Марказий Осиёдан ташқарига чиқиб, жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутадиган миллатга айланади. Тэжон фуқаролари номидан Ўзбекистоннинг илм-фан, маданият ва санъат, технология ва бошқа кўплаб соҳаларда янада ривожланиши тилакдошман ва доим қўллаб-қувватлашимни билдираман.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш