Санкт-Петербургда бўлиб ўтган тадбир муҳим мавзуга бағишланди
Октябрь 03, 2023. 17:07 • 2 дақ
• 581
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 3 октябрь. /«Дунё» АА/. Санкт-Петербургда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрамига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда маҳаллий ҳукумат вакиллари, Санкт-Петербург шаҳрида фаолият юритиб келаётган хорижлик дипломатлар, сайёҳлик компаниялари, ватандошларимиз ва талабалар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни очар экан, мамлакатимиз бош консули Ўзбекистоннинг мустақил ривожланиш йиллари давомида эришган муваффақиятлари, Россия билан икки томонлама алоқалар ва уларнинг тобора равнақ топиб бораётгани, шу билан бирга, юртимизнинг бой сайёҳлик салоҳияти, бугунги кунда инсон қадрини улуғлаш ва халқ манфаати йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашди. У, шунингдек, хорижда доимий ва вақтинча меҳнат қилаётган ватандошлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталди.
Тантанали тадбир доирасида ўлкамизга россиялик сайёҳларни жалб этишда жонбозлик кўрсатаётган уч сайёҳлик фирмаси раҳбарларига Санкт-Петербург–Тошкент–Санкт-Петербург йўналишларидаги бепул авиачипталар тақдим этилди.
Санкт-Петербург ҳукумати ташқи алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Евгений Кассюра Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклар экан, ушбу шаҳар губернатори Александр Бегловнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Санкт-Петербургдаги ваколатхонаси раҳбари Валентин Запевалов икким мамлакатларни узоқ йиллик дўстлик ва ҳамкорлик тарихи бирлаштиришини, бу эса самарали ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратганини қайд этар экан, ўзаро дўстона ва ишбилармонлик алоқалар бундан кейин ҳам ривожланиб боришига умид билдирди.
Тантанали маросим иштирокчилари ўзбекистонлик ва россиялик санъаткорлардан иборат маданий гуруҳнинг чиқишларидан ҳамда ўзбекона меҳмондўстликдан ҳам баҳраманд бўлишди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси