Дональд Трамп Саудия Арабистони билан уранни бойитишга рухсат берувчи ядровий битимни маъқуллади
Июль 22, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 109
ВАШИНГТОН–АР-РИЁД, 22 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистони билан тинчлик йўлида ядро энергетикаси бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимни маъқуллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AP” агентлигига таяниб.
Манбага кўра, бу битим қиролликка фуқаролик ядровий дастури учун уранни бойитиш имкониятини бериши мумкин. Ушбу ҳужжат яқин кунларда расман эълон қилиниши мумкин.
30 йилга мўлжалланган ҳужжатда Америка компанияларининг Саудия Арабистони ядровий дастурини ривожлантиришда иштирок этиши, жумладан, Америка–Саудия қўшма тадқиқоти ўтказилганидан сўнг уранни бойитиш корхонасини қуриш имконияти кўзда тутилган.
Битим кўриб чиқиш учун АҚШ Конгрессига юборилиши кутилмоқда. Экспертларнинг фикрича, айни пайтда, Ар-Риёзга уранни бойитиш технологияларининг тақдим этилиши ядро қуроли тарқалиши хавфини ошириши, Яқин Шарқда янги қуролланиш пойгасини келтириб чиқариши мумкин.
“AP” маълумотларига кўра, ҳужжатда Саудия Арабистонининг ядровий объектлар устидан қатъийроқ халқаро назорат ва инспекциялар ўтказишга имкон берувчи Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (МАГАТЭ) Қўшимча баённомасини қабул қилиши назарда тутилмаган.
Кутилаётган битим АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан давом этаётган можароси фонида муҳокама қилинмоқда. Вашингтон Теҳроннинг ядро қуроли яратишига йўл қўймасликни ушбу можаронинг мақсадларидан бири деб атамоқда. Эрон эса, ўз навбатида, ядровий дастури фақат тинчлик мақсадларига қаратилганини таъкидламоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси