Ўзбекистон-Қирғизистон: ишончли мулоқотдан келажакни биргаликда бунёд этиш сари
Июль 22, 2026. 19:15 • 4 дақ
• 20ТОШКЕНТ, 22 июль. /“Дунё” АА/. Кеча Бишкек шаҳрида Ўзбекистон–Қирғизистон экспертлар кенгашининг “Ўзбекистон ва Қирғизистон: стратегик шериклик ва уни янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда етакчи таҳлил марказлари, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармон доиралар вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов ҳамда Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти (СТМИ) директори Шумкарбек Адилбек уулу ушбу мулоқот майдонининг муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, Экспертлар кенгаши икки томонлама алоқаларнинг жорий ҳолатини мунтазам кузатиб бориш ва баҳолаш билан бирга, стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга қаратилган сифат жиҳатидан янги ташаббусларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Элдор Арипов бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўяётганини таъкидлади. Ушбу босқичда асосий вазифа эндиликда ўтмишда тўпланиб қолган масалаларни ҳал этиш эмас, балки келажакни биргаликда шакллантиришдан иборат.
Икки мамлакат ўртасида шаклланган юксак ишонч даражаси кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда барқарор ривожланишнинг умумий маконини яратиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Йиғилиш кун тартибидан стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ёндашувларни мувофиқлаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперацияси ва тадбиркорликни кенгайтириш, шунингдек, транспорт ва энергетика соҳаларидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш масалалари ўрин олди.
Йиғилишда иқтисодий ҳамкорлик суръатларига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, ўзаро савдо нафақат жадал ўсмоқда, балки чуқур таркибий ўзгаришларни ҳам бошдан кечирмоқда. Агар 2016 йилда товар айирбошлаш ҳажми қарийб 50 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, ўтган йили ушбу кўрсаткич 1,2 миллиард АҚШ долларига етиб, қарийб 24 баробар ошди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида эса яна 40 фоизлик ўсиш қайд этилди. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари томонидан товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича янги вазифа белгиланганлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ўзаро савдонинг таркиби ҳам сифат жиҳатидан ўзгарди. Агар илгари у асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айирбошлашига таянган бўлса, бугунги кунда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар унинг асосини ташкил этмоқда. Хусусан, экспортнинг қарийб 85 фоизи тайёр маҳсулотлар (37 фоиз), саноат товарлари (36 фоиз), шунингдек, кимё ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.
Бундан ташқари, шу пайтгача 12 та йиғилиши ўтказилган Ҳукуматлараро комиссиянинг изчил фаолияти ҳамда Ишбилармонлар кенгаши ушбу жараёнларга кучли суръат бағишлади. Ҳукуматлараро комиссиянинг сўнгги йиғилиши 2026 йил 22–23 июнь кунлари Чўлпонотада бўлиб ўтди. Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ва сони ортиб бораётган қўшма корхоналар тармоғи ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга самарали ҳисса қўшмоқда.
Йиғилиш иштирокчилари ҳудудлараро алоқаларнинг юқори суръатларда ривожланаётганини қайд этдилар. Чегарадош вилоятлар раҳбарлари кенгашининг шу пайтгача ўтказилган тўртта йиғилиши 2026 йилнинг тўртинчи чорагида икки мамлакат ҳудудлари форумини тўлақонли форматда ўтказишга ўтиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Экспертлар бутун Марказий Осиё учун стратегик аҳамиятга эга бўлган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли ҳамда “Қамбарота-1” ГЭС лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу лойиҳаларни изчил ва хавфсиз амалга ошириш, шунингдек, жараёнларнинг прогноз қилинувчанлигини таъминлаш бутун минтақанинг рақобатбардошлигини ошириши таъкидланди.
Якунида иштирокчилар икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкам пойдевори фаол маданий-гуманитар ҳамкорлик ва рекорд даражадаги сайёҳлар оқими билан янада бойиб бораётганини қайд этдилар. Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистонга Қирғизистоннинг 3,31 миллион фуқароси ташриф буюрган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки беш ойида ушбу кўрсаткич 1,53 миллион кишини ташкил этди.
Ўзбекистон делегациясининг ташриф дастуридан, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ўртасидаги музокаралар, Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослиги масалаларига бағишланган эксперт семинари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари билан учрашув ўрин олган.
Йиғилиш якунлари бўйича СМТИ ва СТМИ ўртасида ҳамкорлик режаси имзоланди. Ҳужжат экспертлар мулоқотини чуқурлаштириш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, таҳлилий материаллар билан алмашиш, шунингдек, тадбирлар ва учрашувларни тизимли асосда ташкил этишни назарда тутади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

