Logo

Сиань-Самарқанд-Сиань йўналишида янги авиақатнов очилиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги парвозлар сони ҳафтасига 20 тага етказилди

Июнь 18, 2024. 12:55 • 2 дақ

448
Сиань-Самарқанд-Сиань йўналишида янги авиақатнов очилиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги парвозлар сони ҳафтасига 20 тага етказилди

Пекин, 18 июнь. /"Дунё" АА/. Шэньси провинциясининг Сиань шаҳрида "Zhejiang Loong Airlines" авиакомпаниясининг Сиань-Самарқанд-Сиань йўналиши бўйича биринчи парвозига старт бериш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Шэньси провинцияси губернатори ўринбосари Ван Хайпэн, "Zhejiang Loong Airlines" авиакомпанияси президенти Гао Инчжань, Сиань халқаро аэропорти бош директори Тан Шаофэй, Хитой шимоли-ғарбий минтақаси фуқаро авиацияси маъмурияти раҳбари ўринбосари Ниу Цзюньмин ва Ўзбекистон элчихонаси вакиллари нутқ сўзлаб, Сиань-Самарқанд-Сиань йўналишида амалга ошириладиган мазкур парвознинг аҳамиятига атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Маросимда Хитойнинг 20 га яқин сайёҳлик компаниялари, 30 га яқин маданият ва туризм соҳаси ҳамда 10 дан зиёд оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, Сиандаги хорижий дипломатия ваколатхоналари ходимлари иштирок этди.

Меҳмонларга сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Тадбир чоғида Ван Хайпэн Хитой ва Ўзбекистоннинг энг муҳим маданий марказлари ўртасида авиақатновларнинг йўлга қўйилиши, минтақавий дўстона муносабатлар мустаҳкамланишига, хусусан, мазкур ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларини янада ривожлантиришга ёрдам беришини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида авиақатновлар сонини кўпайтириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш нафақат "Бир макон, бир йўл" ташаббуси мақсадлари билан ҳамоҳанг, балки икки мамлакат давлат раҳбарлари томонидан 2023 йил 18 май куни Сиань шаҳрида имзоланган Ўзбекистон билан ХХРнинг Қўшма баёноти, шунингдек, 2023-2027 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан Хитой ўртасида янги даврда ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш Дастури ҳамда Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 23-25 январь кунлари Хитойга амалга оширган давлат ташрифи чоғида томонлар ўртасида эришилган келишувларда ҳам ўз аксини топганлиги баён этилди.

Мазкур келишувлар ижроси доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида айни вақтга келиб, икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сони ҳафтасига 20 тага етказилганлиги билдирилди.

Ушбу парвозлар "Uzbekistan Airways", "Zhejiang Loong Airlines" "China Southern Airlines" авиакомпаниялари томонидан йўлга қўйилган бўлиб, амалга оширилаётган рейслар Пекин-Тошкент ўртасида 7 та, Урумчи-Тошкент ўртасида 5 та, Сиань-Тошкент ўртасида 3 та, Чэнду-Тошкент ўртасида 3 та ва Сиань-Самарқанд ўртасида 2 та эканлиги маълум қилинди.

Тадбир сўнггида Хитой томони билан мазкур йўналишдаги тизимли ишларни изчил давом эттиришга хусусан, соҳага оид шартномавий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштирган ҳолда яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонини ҳафтасига 100 тага етказишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш