Июнь жазирамаси Ғарбий Европада 12 мингдан ортиқ кишининг умрига зомин бўлди

Июль 17, 2026. 17:00 • 2 дақ

148
Июнь жазирамаси Ғарбий Европада 12 мингдан ортиқ кишининг умрига зомин бўлди
“AFP” агентлиги сурати

БРЮССЕЛЬ, 17 июль. /“Дунё” АА/. Июнь ойининг иккинчи ярмида Ғарбий Европани қамраб олган рекорд даражадаги иссиқ ҳаво камида 12 минг кишининг бевақт вафот этишига сабаб бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “AFP” агентлиги манбасига таяниб.

Агентлик маълумотлари Европанинг етти мамлакати бўйича ҳисоб-китоб қилинган. Жумладан, таҳлил Бельгия, Германия, Испания, Люксембург, Нидерландия, Франция ва Швейцарияни қамраб олган. Ҳарорат энг юқори чўққига чиққан 22–28 июнь кунлари ушбу мамлакатларда ўтган йилларнинг шу даврига нисбатан тахминан 10 мингдан ортиқ қўшимча ўлим ҳолати қайд этилган.

Буюк Британия метеорология хизмати маълумотларига кўра, 18–28 июнь кунлари Англия ва Уэльсда яна 2 минг 200 га яқин қўшимча ўлим ҳолати рўйхатга олинган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бу ўлимларнинг аксариятининг олдини олиш мумкин бўлганини маълум қилди. ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг таъкидлашича, жазирамага нафақат об-ҳаво ҳодисаси, балки соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият сифатида ҳам қаралиши лозим.

Кексалар экстремал ҳароратга нисбатан бардош бера олмагани маълум бўлди. Аномал иссиқ билан боғлиқ ўлимларнинг аксарияти 65 ёшдан ошган кишилар ҳиссасига тўғри келган. Юқори ҳарорат нафақат офтоб уришига, балки юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларининг қўзишига ҳам олиб келиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш