АҚШ хорижий ОАВ вакиллари ва талабалар учун виза режимига чекловлар жорий этди

Июль 17, 2026. 10:00 • 2 дақ

184
АҚШ хорижий ОАВ вакиллари ва талабалар учун виза режимига чекловлар жорий этди

ТОШКЕНТ, 17 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги хорижий журналистлар, талабалар ва алмашинув дастурлари бўйича келувчи шахсларга виза бериш қоидаларига қўшимча ўзгартиришлар киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“ТАСС” ахборот агентлигининг маълум қилишича, АҚШ маъмурияти мазкур ўзгартишлар қўшимча хавфсизлик ва назоратни таъминлаши, шунингдек, “I”, “F” ва “J” тоифали визалар эгаларининг мамлакатда вақтинча бўлиб туриш давомида ўз мақомини сақлаётганини янада самарали назорат қилиш имконини беришини таъкидламоқда.

Аввалги қоидаларга мувофиқ, ушбу тоифадаги виза эгалари АҚШга келиш мақсади ва шартларига риоя қилинган давр мобайнида мамлакат ҳудудида бўлиб туриши мумкин эди. Масалан, хорижий журналист оммавий ахборот воситасидаги фаолиятини давом эттираётган ёки талаба Америка университетида таҳсил олаётган бўлса, унинг мамлакатда бўлиб туришига рухсат этиларди. Ҳозирги кунга қадар бу тоифадаги визаларнинг аксарияти учун аниқ амал қилиш муддати белгиланмаган эди.

Бироқ, эндиликда хорижий журналистлар АҚШга ишлаш учун кўпи билан 240 кун муддатга кириши ва зарурат туғилганда ушбу муддатни узайтириши мумкин бўлади. Хитой фуқаролари учун эса ушбу муддатни 90 кун билан чеклаш таклиф этилмоқда. Хорижий талабалар ва алмашинув дастури иштирокчилари мамлакатда ўқиш муддати ёки дастур давомийлиги доирасида тўрт йилдан ошмаган муддатга қолиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш