Хитойлик ижодкорлар Самарқанд ҳақида ҳужжатли фильм суратга олади

Октябрь 06, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 124
Хитойлик ижодкорлар Самарқанд ҳақида ҳужжатли фильм суратга олади

ХАНЧЖОУ, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари Хитойнинг Чжэцзян провинцияси Халқаро коммуникация маркази директори Цзян Юн билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат чоғида Хитой томони марказ ҳамда Лянчжу музейи ҳамкорлигида дунёнинг қадимий шаҳарларига бағишланган “Лянчжудан дунё сари” халқаро медиа лойиҳасини амалга ошириш режалари ҳақида маълум қилди.

Мазкур ташаббус доирасида Самарқанднинг бой тарихи ва маданиятига бағишланган хитой ва инглиз тилларидаги 25 дақиқалик ҳужжатли фильм тайёрлаш кўзда тутилган. Ушбу картинани яратиш мақсадида Хитой томони Ўзбекистонга суратга олиш гуруҳини юборишини қайд этди.

Суратга олиш жараёнини ташкил этиш учун Хитой вакиллари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Туризм қўмитаси ҳамда Самарқанд давлат музейи билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор.

Эслатиб ўтамиз, қарийб 5 минг йиллик тарихга эга Лянчжу шаҳри қадимги Хитой цивилизациясининг илк босқичи ҳамда Қадимги Хитойнинг сўнгги неолит даври маданияти саналади. 2019 йилда Лянчжу ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш