Ўзбекистон VI Халқаро буғдой конгрессига мезбонлик қилади

Октябрь 05, 2026. 13:00 • 2 дақ

• 64
Ўзбекистон VI Халқаро буғдой конгрессига мезбонлик қилади

РИМ, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Самарқанд шаҳри 2030 йилда VI Халқаро буғдой конгрессига мезбонлик қилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси маълумотига кўра, Халқаро буғдой конгрессининг Халқаро ташкилий қўмитаси мазкур нуфузли форумнинг 2030 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилишини расман тасдиқлади.

Халқаро буғдой конгресси жаҳон илмий жамоасининг энг муҳим тадбирларидан бири ҳисобланиб, унда етакчи мутахассислар, олимлар, давлат органлари ва соҳа вакиллари буғдой селекцияси, генетикаси, геномикаси ва агрономияси соҳасидаги сўнгги ютуқларни муҳокама қиладилар. Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган мазкур анжуманнинг охирги тадбирларида 800–900 нафар делегат иштирок этган бўлса, Самарқанддаги конгресс қатнашчилари сони минг кишидан ошиши кутилмоқда.

Жорий йил май ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси ташкилотчиларга Самарқанд шаҳрида VI Халқаро буғдой конгрессини ўтказиш бўйича расмий таклиф киритган эди. Ушбу ҳуқуқ учун Ўзбекистон билан биргаликда Аргентина, Греция, Марокаш, Непал, Франция, Туркия ва Эфиопия каби давлатлар ҳам даъвогарлик қилган.

Нуфузли анжуманни Самарқандда ўтказиш тўлиқ қўллаб-қувватланишига Ўзбекистон ва Марказий Осиёда буғдой етиштиришнинг стратегик аҳамияти, мамлакатимизда ғаллачилик соҳасидаги илмий тадқиқотларга қаратилаётган юксак эътибор, шунингдек, халқаро миқёсдаги тадбирларни юқори савияда ташкил этиш учун зарур бўлган замонавий ва сифатли инфратузилманинг мавжудлиги асосий омил бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш