Ўзбекистон ва Польша иқтисодий шерикликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди

Октябрь 06, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 87
Ўзбекистон ва Польша иқтисодий шерикликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди

ВАРШАВА, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси вакиллари ҳамда Польша Иқтисодий ривожланиш ва технологиялар вазирлиги давлат котиби, Ўзбекистон–Польша ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси Михал Ярос ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар икки томонлама савдо-иқтисодий, саноат ва инвестициявий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланди.

Суҳбат давомида Польша вакиллари Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим ва стратегик ҳамкор эканини алоҳида эътироф этди. Томонлар икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолатини юқори баҳолаб, поляк йирик бизнеси ва тадбиркорларининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Иштирокчилар тоғ-кон саноати, нодир металлар ва муҳим хомашёни қазиб олиш, энергетика, экология ва сув хўжалиги каби стратегик йўналишларда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари хусусида тўхталиб ўтди.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, транспорт-логистика инфратузилмасини яхшилаш, меҳнат миграцияси ҳамда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш йўлидаги мавжуд техник ва маъмурий жараёнларни енгиллаштириш, икки давлат корхоналари ўртасидаги тўғридан-тўғри савдо алоқаларини қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.

Икки томонлама алоқаларни кенгайтириш мақсадида қатор муҳим тадбирлар режалаштирилди. Хусусан, жорий йилнинг ноябрь ойида Михал Ярос бошчилигида Польша Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH), Савдо-саноат палатаси ва йирик компаниялар вакилларидан иборат нуфузли бизнес-миссиянинг Ўзбекистонга ташрифи бўйича фикр алмашилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда PAIH ваколатхонасини очиш, 2027 йилда Варшава шаҳрида ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда поляк ва ўзбек ишбилармонлари иштирокида йирик қўшма бизнес-форумни ўтказиш ишлари юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш