Бразилиялик номзод сайловдаги мағлубиятдан сўнг АҚШга йўл олди
Октябрь 28, 2026. 14:00 • 3 дақ
• 254
БРАЗИЛИЯ, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. 25 октябрь куни Бразилияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида Луис Инасиу Лула да Силвага ютқазган сенатор Флавио Болсонару паспортлари бекор қилинганидан бир неча соат ўтиб АҚШга йўл олди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири “BBC Brasil” нашрига таяниб.
У Флоридада укаси Эдуардо Болсонару билан учрашган, бироқ сафар йўналиши ва сенаторнинг кейинги режалари номаълумлигича қолмоқда.
Аввалроқ Бразилия Олий суди пул ювиш гумони бўйича олиб борилаётган тергов доирасида сиёсатчига 24 соат ичида паспортларини топшириш мажбуриятини юклаган эди. Белгиланган муддат тугагач, ҳужжатлар бекор қилинди, Флавио Болсонарунинг адвокатлари унинг қаердалигини билмаслигини маълум қилган.
Сенатор мамлакатни тарк этмоқчи эмаслигини ва мухолифатга етакчилик қилиш ниятида эканини таъкидлаган эди. Айни пайтда, АҚШдаги юқори мартабали манба Давлат департаменти унга ва оила аъзоларига виза бериши ҳамда мамлакатга киришга рухсат этишини тасдиқлади.
Флавио Болсонару эҳтимолий молиявий қонунбузарликлар бўйича бир нечта тергов ишларида тилга олинмоқда. Улардан бири давлат тўнтаришига тайёргарлик кўргани учун 27 йилга озодликдан маҳрум этилган ва ҳозирда уй қамоғида сақланаётган отаси – собиқ президент Жаир Болсонару ҳақидаги фильмни молиялаштириш билан боғлиқ.
Яна бир иш фирибгарлик схемаси орқали 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағни легаллаштиришда гумонланаётган адвокатга бориб тақалади. Полиция маълумотларига кўра, сенатор ушбу ҳуқуқшуносга тегишли компаниянинг банк ҳисоб рақамларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.
Флавио Болсонарунинг ўзи адвокат билан бизнес юритганини рад этмоқда ва паспортларнинг олиб қўйилишини ўзини қўрқитишга уриниш деб атамоқда. Мазкур терговлар доирасида унга ҳали айблов эълон қилинмаган.
Шунингдек, Олий суд полицияга сенаторнинг сайловолди кампанияси хориждан молиялаштирилган бўлиши мумкинлигини текширишни топширди.
Эслатиб ўтамиз, Флавио Болсонару айрим сайловолди сўровномаларида устунликка эга бўлишига қарамай, президентлик сайловларининг иккинчи турида амалдаги давлат раҳбари Луис Инасиу Лула да Силвага имкониятни бой берди. Лула 51,79 фоиз, унинг рақиби эса 48,21 фоиз овоз тўплади. Орадаги фарқ тахминан 4,4 миллион овозни ташкил этди.
Флавио Болсонару мағлубиятни тан олмади ва овоз бериш жараёнининг икки соатга узайтирилиши уни ноқулай аҳволга солиб қўйганини айтиб, натижаларни бекор қилишни талаб қилди. Гарчи овоз бериш вақтини узайтиришни унинг партияси ҳам, рақибининг тарафдорлари ҳам сўраган бўлса-да, у бу қарорни “ғирромлик” деб атади.
Сенатор номзоди кўрсатилган Либерал партия сайлов натижаларини тан олди, бироқ овоз бериш муддатини узайтириш билан боғлиқ ҳолатлар текширилиши лозимлигини билдирди.
“Bloomberg” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси